ЎзА Ўзбек

30.07.2018 18:27 Чоп этиш версияси

Мубораклик ёшларга 1,5 гектар ер ажратилди

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида “Yoshlar mehnat guzari” қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Унда Республика ишчи гуруҳи вакиллари, вилоят ва туман ҳокимлиги, тадбиркорлар, нуронийлар, ёшлар иштирок этди.

– Вилоятимизнинг чекка туманларидан бўлган Муборак тумани ёшлари учун “Yoshlar mehnat guzari”ни қуриш ишлари бошлаб юборилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Д.Аллаев. – Ушбу манзилни “Ёшлар” шаҳарчасига айлантириш мақсадида 1,5 гектар ернинг 12 сотихи гузар, 7,5 сотихи "Yosh tadbirkorlar" кворкинг-маркази учун ажратилди. Қолган жойларида болалар майдончаси, 2 та мини-футбол стадиони, ёшлар кутубхонаси ва кафе қурилади.

Маълумотларга қараганда, тадбиркор Акром Раҳмонов ташаббуси билан қад ростлайдиган гузарнинг ўзида 22 нафар ёш ишли бўлади. Иншоот ишга тушса, умумий ҳисобда 75 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади.

Шунингдек, тадбир давомида қуёнчилик, паррандачилик, чорвачилик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга туман ҳокимлиги ва туман прокуратураси томонидан 60 та қуён, 250 та парранда ҳамда 10 бош қорамол берилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 185