ЎзА Ўзбек

28.02.2018 17:18 Чоп этиш версияси

Муборак Ҳаж зиёратига бориш тартиби такомиллашди

Сурхондарё вилоятидан жорий йилда 800 нафар фуқаронинг муборак Ҳаж ва Умра зиёратларига бориши кутилмоқда.

Мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний қоидаларга амал қилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муқаддас ислом динининг фарз амалларидан бири бўлган Ҳаж ва Умра зиёратларини юқори савияда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ҳукумат қарори билан Ҳаж зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгилаб берилган низом қабул қилинди. Унга мувофиқ, Сурхондарё вилоятида ҳам муборак зиёрат мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди. Вилоят ҳокимлиги ҳузурида Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳайъат тузилиб, вазифалар белгиланди. Термиз шаҳри ва туман ҳокимликлари қошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, вилоят соғлиқни сақлаш, халқ таълими бошқармалари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ахлоқ комиссиялари фаолияти йўлга қўйилди. Улар фарз амалини адо этиш истагини билдирган фуқаролар рўйхатини очиқлик, холислик тамойиллари асосида шакллантириб, бўлғуси зиёратчиларнинг оилавий шароитини, маънавий-ахлоқий фазилатларини, диний билимлари даражасини атрофлича ўрганди.

– Бу жараёнда номзодларнинг Ҳаж зиёратини адо этиши учун моддий ва жисмонан қодирлиги, амалларни тўлиқ бажариши учун етарли диний билими мавжудлигига эътибор қаратилгани ҳам айни муддао бўлди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили А.Сайфуддинов. – Одоб-ахлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги маънавий муҳит барқарорлиги, адашган инсонларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга кўмаклашишдаги ўрни каби масалалар ўрганилди. Хуллас, номзодларни саралаб олишда ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабларига қатъий амал қилингани Ҳаж зиёратини кўнглига туккан мўмин-мусулмонларнинг динимиздаги бу фарз амални эмин-эркин адо этишида муҳим ўрин тутади.

Низомда Ҳаж ва Умра зиёратларини ихтиёр этаётган юртдошларимизнинг ягона онлайн навбат тизимини яратиш ва уни ҳар йили янгилаб бориш, навбатда турган зиёратчиларнинг доимий яшаш манзили ўзгарган ҳолатда ҳам уларнинг навбати ўша жойда сақланиб қолиши, авиачипталар нархини арзонлаштириш, барча босқичдаги тиббий кўрикнинг бепул амалга оширилиши ва Ҳаж зиёрати билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам ўз ечимини топган.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
10 325