ЎзА Ўзбек

22.08.2018 18:22 Чоп этиш версияси

Муассасага 160 бадиий китоб ва ўқув қуроллари совға қилинди

Қурбон ҳайити муносабати билан Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 98 нафар бола учун байрам тантанаси ташкил этилди. Муассасага 160 бадиий китоб ва ўқув қуроллари совға қилинди.

Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларидан бирининг ташаббуси билан ташкил этилган байрам тадбирида ҳарбийлар томонидан намойиш этилган қўл жанги, жанговар машқларни болалар катта қизиқиш билан томоша қилди. Аскарлар билан ҳарбийлар ҳаёти ҳақидаги мулоқотлар, айниқса, кўнгилли кечди.
Тадбирда болалар бадиий ҳаваскорлик жамоасининг концерти иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.

– Қурбон ҳайити муносабати билан ташкил этилган тадбир болаларимизда миллий, диний қадриятларимиз шаклланиши, яхшилик, меҳр-мурувват, саховат, Ватанга муҳаббат каби эзгу туйғуларини ўстиришга хизмат қилади, – дейди муассаса раҳбари Норқул Тоғаев. – Давлатимизнинг ғамхўрлиги билан ҳеч нарсага зориқмай улғаяётган болалар ана шундай мурувват, маърифат тадбирларида халқимизнинг, жамоатчиликнинг эътиборидан четда эмасликларини янада чуқурроқ ҳис этишади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 290