Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 18:33 Чоп этиш версияси

Муаммонинг ечими сайёр қабулни кутаётган эдими?

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи З.Норматованинг ўғли Озоджон Норматов Россия Федерациясидаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олади. Ўғлининг харажатларига банк орқали пул ўтказиш учун ҳар ой банкдан 50 доллар сотиб олишига ёрдам бериш ҳақидаги сўрови Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан ҳал этилмаётганини билдириб мурожаат қилди. Масала мутасаддилар аралашуви билан ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Азизов Навоий вилояти аҳолиси билан ўтказган сайёр қабулларда бу каби кўплаб муаммоларга ечим топилди.

Икки кун давом этган сайёр қабулларда 300 дан ортиқ турли мазмундаги мурожаатлар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 125 таси жойида ҳал этилиб, қаноатлантирилди. 188 тасини тўлиқ ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш бўйича масъул раҳбарларга топшириқ берилиб, назоратга олинди.

Халқ билан учрашувларда Хатирчи ва Навбаҳор туманларида фаолият кўрсатаётган тижорат банкларида фуқаролар мурожаатларига лоқайд қараш ҳолатларига йўл қўйилаётгани аён бўлди. Жумладан, Халқ банки Хатирчи тумани филиали томонидан Гулистон ва Чинобод маҳаллаларида яшовчи олий ўқув юртларига шартнома асосида ўқишга қабул қилинган 39 нафар ёшга таълим кредити ажратилиши масаласи пайсалга солиб келинган. Сайёр қабулда мурожаатларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

– Туман ҳокимлигига савдо марказимизни кенгайтириш учун ер ажратиш ҳақида бир неча бор мурожаат қилдим, лекин масала ижобий ҳал этилмади, – дейди карманалик тадбиркор Камол Рўзиев. – Агар режам амалга ошса, яна беш нафар ёш доимий иш билан таъминланади. Учрашув давомида туман ҳокимлиги ва мутасадди идораларга қисқа муддатларда бу масалани ижобий ҳал этиш бўйича кўрсатма берилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим.

Сайёр қабул давомидаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди идоралар, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан жойларда ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш масаласига етарлича эътибор қаратилмаган. Натижада фуқаролар жойида ҳал этилиши мумкин бўлган кичик масалалар бўйича ҳам юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.

Сайёр қабулда билдирилган мурожаатларнинг 127 тасида иш билан таъминлаш масаласи кўтарилган. Ишсизлик муаммоси, айниқса, Зарафшон шаҳри ва Навбаҳор туманида долзарб экани маълум бўлди.

Вазир қабулида Навбаҳор туманидан 1935 йилда туғилган фуқаро Б.Қулматов ва унинг турмуш ўртоғи бир неча йиллардан буён даволаниш учун ихтисослаштирилган шифохона ёки санаторий-курорт муассасасига имтиёзли шартларда бепул йўлланма ололмаётгани масаласи муҳокама этилиб, жойида ижобий ечим топди.

Кишини ҳайратга соладиган жиҳати шуки, билдирилаётган мурожаатларнинг кўпчилиги маҳаллий идоралар томонидан ҳал этилиши мумкин бўлган масалалардир. Аммо негадир йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган. Савол туғилади: фуқаронинг жойида ҳал этилиши мумкин бўлган қонуний манфаатини таъминлаш учун ҳам сайёр қабуллар ташкил этиш керакми?

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 174






Все о погоде - Pogoda.uz