ЎзА Ўзбек

04.04.2018 10:49 Чоп этиш версияси

Муаммони ҳал қилишнинг самарали механизми

Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Ертепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Назира Қосимованинг 2017 йилдан буён иссиқхона учун кредит олишни сўраб қилган мурожаати Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарши туманидаги Халқ қабулхонаси аралашуви билан ўз ечимини топди.

Тадбиркорга имтиёзли банк кредити ажратилди. Ушбу маблағ эвазига Н.Қосимова ҳовлисидаги 8 сотих ерда замонавий иссиқхона ташкил этди ва ҳозир бу ерда бодринг баравж ўсмоқда.

– Кредит сўраб, банкка қилган бир неча мурожаатим эътиборсиз қолдирилавергач, Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдим, – дейди Н.Қосимова. – Ажратилган маблағ эвазига ўзимизнинг ҳовлида 3 сотихли, ўғилларимнинг ҳовлисида 5 сотихли иссиқхона қурдик. Бундан ташқари, минг дона жўжа олдик. Хуллас, ишларимиз юришиб кетди. Шунингдек, иссиқхонада қопга солинган унумдор тупроқда картошка етиштиришни ҳам йўлга қўйдик. Агар лойиҳамиз ўзини оқласа, кейинги йилларда янада кўпроқ экишни ният қилганмиз.

Халқ қабулхонасига тумандаги “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини Мустақиллик кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан табиий газ йўқлиги юзасидан мурожаат келиб тушди. Мазкур муаммо ҳам мутасаддилар томонидан қисқа вақт ичида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарши тумани Халқ қабулхонаси томонидан ўтган йили жами 1 минг 260 мурожаат кўриб чиқилган. Уларнинг 185 таси жойида ҳал қилинган бўлса, 942 таси тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинган. 133 таси юқори ташкилотларга юборилган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 220 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 160 таси қаноатлантирилган, 25 тасига тушунтириш берилган. Қолган 37 мурожаат ўрганиш жараёнида.

Ўлмас Баротов, ЎзА
6 531