ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:55 Чоп этиш версияси

Муаммоларни бартараф этиш йўллари муҳокамада

Муаммоларни бартараф этиш йўллари муҳокамада
Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Н.Умаров, Учтепа тумани ҳокими Ш.Атамуҳамедов, сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Мажлисда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг ахбороти тингланди. Шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар, туман ҳокимлиги раҳбарларининг белгиланган вазифаларни ижро этиш чора-тадбирлари ҳақидаги маълумотлари муҳокама қилинди. 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 60 маҳалласида аҳоли муаммолари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда бандликни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ободонлаштириш ҳамда йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби соҳалар киритилган.

Тадбирда жорий йилда ҳудуддаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра, ҳудуддаги кўп қаватли уйларнинг томларини таъмирлаш ишлари 25 фоизга, йўлакларни таъмирлаш 47 фоизга бажарилган. Бугунги кунда тумандаги 23 маҳалладаги 650 уй-жойларга 182 ширкат хизмат кўрсатмоқда. Бироқ шундай бўлса-да, соҳа ходимларининг ўрганишлари давомида Боғистон, Ҳамдўст, Диёробод, Зулфизар ва Бирлик каби маҳаллаларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ҳалигача эътибордан четда қолаётгани, ушбу муаммога тез фурсатда чора кўриш лозимлиги юзасидан зарур топшириқлар берилди.

2018-2019 йилларда Учтепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига 59 саноат ва 71 хизмат кўрсатиш соҳасига оид корхоналар киритилган. Дастурнинг умумий қиймати 145 миллиард 838 миллион сўм бўлиб, 1 минг 114 янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бугунга келиб 45 миллиард сўмлик 61 лойиҳа ишга туширилган бўлиб, 571 янги иш ўрни яратилди.

Мажлисда маҳалла раисларига ҳам ҳудудида бефарқ бўлмай, ижтимоий аҳволни янада яхшилаш, аҳолига қулай шароит яратиш борасида зарур вазифалар берилди. Жойларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар тартибли ўтказилишини таъминлаш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, туманни комплекс ривожлантириш, аҳолини ташвишга солаётган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилишни таъминлаш чоралари тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

А.Мусаев, ЎзА
3 176