Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 21:36 Чоп этиш версияси

Муаммолар жойида ҳал қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимларининг сайёр қабуллар ташкил этаётгани аҳоли дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш имконини бермоқда. Шундай сайёр қабуллардан навбатдагиси пойтахтимизнинг Чилонзор туманида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ дарду ташвиши билан яшаш бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида қўйилганини алоҳида таъкидлади. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари жойларда аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлаётгани бунинг амалий натижасидир. Бундай учрашувларда аҳолини қийнаётган муаммолар ҳал этилаётгани эътиборга молик.

Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Чилонзор тумани аҳолиси томонидан йўлланган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 3 апрель кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мамлакатимиз фуқаролари ва тадбиркорларидан жами 638 минг 148 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 22,7 фоизи Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган фуқаролар томонидан юборилган. Мазкур мурожаатларнинг 95,6 фоизи жисмоний шахсларга, қолгани юридик шахсларга тегишли.

Чилонзор тумани бўйича мурожаатлар сони жами 15,5 мингдан ортиқ. Уларнинг 89,1 фоизи кўриб чиқилган. Қолгани кўриб чиқилмоқда. Мазкур тумандан тушган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда уларнинг асосий қисмини уй-жой олиш, уй қуриш учун ер ажратиш, суд, банк-молия, фуқаролик, моддий ёрдам, пенсия таъминоти ҳамда соғлиқни сақлаш, меҳнат, бандлик, таълим, тадбиркорлик, ободонлаштириш каби масалалар ташкил этиши маълум бўлди.

Фуқаролардан келиб тушган бундай мурожаатлар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, уларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди. Бунда кўп ҳолларда айрим мутасадди раҳбарлар ўз вазифасига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу маънода, тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидан кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда раҳбарларнинг бурчи ва масъулияти ҳақида алоҳида сўз юритилди. Одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг қонуний мурожаатларини эътиборсиз қолдирмасдан қисқа муддатда ҳал қилиш давлат идоралари раҳбарларининг биринчи даражали вазифаси экани ва уларнинг фаолиятига ана шу мезондан келиб чиққан ҳолда баҳо берилишига урғу бериб ўтилди.

Сайёр қабул жараёнида фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан бевосита тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга мурожаат қилиш ва улар юзасидан жавоб олиш имконига эга бўлди.

Шу куни мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечимини топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига топшириқлар берилди.

Мисол учун, фуқаро Фахриддин Шариповга гипоспадия хасталиги юзасидан шу ернинг ўзида бепул операция учун ордер берилиши маълум қилинди. Тумандаги 201-мактабда чуқурлаштирилган хорижий тиллар синфларини ташкил этиш зарурлиги юзасидан Мастура Ортиқова билдирган таклиф ўринли, деб топилди. Фарзандларимизнинг камолотига хизмат қиладиган бу масалани ҳал этишни мутасаддилар ўз зиммасига олди. Фуқаро Мафтуна Ражабованинг реклама менежери сифатида қилган хизматлари учун ҳақ ололмаётгани суд томонидан кўриб чиқиладиган бўлди. Фуқаро Наврўза Расулова гарчи Тошкент шаҳрида хусусий уй-жойи бўлмаса ҳам доимий пропискага қўйишни сўраб қилган мурожаати юзасидан мутахассислар белгиланган қонун-қоида бўйича тушунтириш берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳри ва Чилонзор туманидаги Халқ қабулхоналари томонидан ташкил этилган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент шаҳар ва Чилонзор тумани ҳокимликлари масъул ходимлари иштирок этиб, фуқаролардан тушган саволларга бевосита жавоб қайтарди. Ҳар бир масала ечими учун тегишли соҳа вакиллари жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 901






Все о погоде - Pogoda.uz