Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 20:50 Чоп этиш версияси

Муаммолар тизимли ҳал этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти туман ва шаҳарларида ўтказилаётган оммавий қабулларда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бўка, Ўрта Чирчиқ ва Зангиота туманларида ўтказилган навбатдаги оммавий қабулларда ҳам давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар вакиллари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганди. Кўплаб мурожаатлардаги масалалар жойлардаги тегишли идора, муассаса ва ташкилотлар ваколатидаги ишлар бўлиб, аниқланган камчилик ва қилинган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.

Бўка тумани Тошлоқ маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Гулбаҳор Қўшматованинг мурожаати оммавий қабулда ижобий ечим топди. Маҳалла аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш ва носоз аҳволга келиб қолган трансформаторни янгисига алмаштириш масаласи тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинди.

– Туманимизда қурилаётган намунавий уйлардан олишни анчадан бери ният қиламиз, – дейди Г.Қўшматова. – Уйнинг бошланғич тўловига маблағимиз бор, фақат тўлов учун бир ҳафталик муддатни 10 кунга узайтиришни банк ходимларидан сўраган эдим. Улар бу масалани ижобий ҳал этди, зарур тавсия ва маслаҳатлар ҳам беришди. Кейин маҳалламиз йўлларини таъмирлаш бўйича Автомобиль йўллари давлат қўмитаси вакилларига мурожаат қилдим. Анча йиллардан буён кўчаларимиз таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ёзда – чанг, қишда –лой. Ҳеч бўлмаса болаларимиз мактабга қатновчи йўл таъмирланса, яхши бўларди. Ушбу масала бўйича мутахассислар жойига чиқиб ўрганадиган бўлди. Оммавий қабулдан жуда яхши кайфиятда қайтмоқдаман. Насиб қилса, бу йили маҳалламиз кўчалари янада обод бўлади.

Ўрта Чирчиқ тумани Нурафшон шаҳри Қумариқ маҳалласида яшовчи Дилфуза Раҳмонова фарзанди ногиронлиги сабаб ҳеч қаерда ишламайди. Оммавий қабулда унинг оилавий шароити ўрганилиб, моддий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

– Туман ҳокимлиги томонидан Д.Раҳмоновага тикув машинаси, ўғлига ногиронлик аравачаси бериладиган бўлди, – дейди Нурафшон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳаббат Йўлдошева. – Шунингдек, ушбу оила имтиёзли кредит асосида биринчи тўлови давлат томонидан тўлаб бериладиган намунавий уй-жойлар учун рўйхатга қўйилди. Бу каби ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йилда ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб боришни режалаштирганмиз.

Мурожаатларнинг аксарияти тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳал этилмагани туфайли унинг ижросини аҳоли ойлаб, йиллаб кутишга мажбур бўлган. Оммавий қабулда бу каби масалалар ҳал этилиши одамларнинг адолат қарор топишига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар самарасига бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
9 122