Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.09.2017 12:59 Чоп этиш версияси

Муаммолар хонадонма-хонадон юриб ўрганилмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳудудларда ижтимоий, иқтисодий муамммоларни комплекс ҳал этиш, айниқса қишлоқ жойларда аҳолига муносиб турмуш шароити яратилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Буни Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида олиб борилаётган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланган сектор раҳбарлари ва жамоатчилик назорат гуруҳлари томонидан ҳудудда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, маънавий муҳитни янада яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

– Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди, – дейди Тўғрақўрғон тумани ҳокими Ғ.Муродхўжаев. – Бу саъй-ҳаракатлар замирида фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишдек олижаноб мақсадлар мужассам. Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Туманимизда ҳам мазкур ушбу қарор ижроси бўйича тизимли фаолият йўлга қўйилган.

Маълумки, қишлоқларда муаммоларнинг асосий қисми коммунал хизматлар ва инфратузилма билан боғлиқ Шундан келиб чиқиб, сектор раҳбарларининг олдига уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, электр, газ, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт, арзон уй-жойлар қуриш, ободонлаштириш ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш алоҳида вазифа қилиб қўйилган.

Ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантиришда уларнинг табиий ва иқтисодий салоҳиятидан, қурилиши тугалланмаган объектлардан, бўш турган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Манзилли ижтимоий муҳофаза, истеъмол бозорида нарх-наво барқарорлиги, таълим ва тиббиёт муассасаларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, фермер хўжаликларига кўмаклашиш чора-тадбирлари белгиланаётир.

Ҳудудларда маҳаллаларга бириктирилган ишчи гуруҳлар томонидан уйма-уй юрилиб, ишларнинг асл ҳолатини ўрганиш, муаммо ва камчиликларни, биринчи навбатда, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

Туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда Бекобод маҳалласидаги бўш турган собиқ 55-умумтаълим мактаби биноси “Дилрабо СДА” кўп тармоқли ҳусусий фирмасига “ноль” қийматда берилишида амалий ёрдам кўрсатилгани натижасида бу ерда тикувчилик цехи ташкил қилинди. Мустақллик байрами арафасида ишга туширилган ушбу корхонада 250 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Яна шу сектор ҳудудидаги Истиқлол маҳалласининг яроқсиз ҳолатдаги 600 метрдан зиёд ички йўлини таъмирлаш бўйича туман йўл жамғармаси билан шартнома тузилгани, Бирлашган маҳалласида 45 миллион сўм давлат бюджети ҳамда 50 миллион сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилгани, Бекобод ва Туркистон маҳаллаларида 300 дан зиёд хонадон ичимлик суви билан таъминлангани каби кўп йиллик муаммолар қисқа вақтда барҳам топганидан аҳоли мамнун.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи раҳбарлигидаги 3-секторда жойлашган Кумидон маҳалласида узунлиги 12 метр бўлган кўприк таъмирланди. Туман ҳокими раҳбарлигидаги 1-секторда эса Гилқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаролар мурожаатига кўра, ҳудуддаги қудуқ таъмирланиб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди. Калвак маҳалласидаги бўш турган бинода тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, янги иш ўринлари яратилди. Бураматут маҳалла қабристони девори янгилангани, Хўжанд маҳалласидаги 20-умумтаълим мактаби ҳудуди асфальт қилиб берилгани маҳалла қиёфасининг янада кўркам бўлишига хизмат қилди.

Туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигидаги 4-секторда 70 га яқин кичик бизнес субъектига доимий равишда амалий ёрдам кўрсатилиш билан бирга, 20 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, бир неча ўнлаб янги иш ўрни яратилди.

Секторларда кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, низоли оилаларни яраштириш каби масалаларда ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Қатағон маҳалласида истиқомат қилувчи ногиронлар Г.Асрақулова ҳамда Ф.Шерматовага ҳомий ташкилот бириктирилиб, тикув дастгоҳи билан таъминланди, улар уйда буюртма асосида теримчилар учун этак тикиб, қўшимча даромад олмоқда.

– Ёшим 80 да, – дейди Еттикон маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Қ.Абдураҳимов. – Кексалик қурсин, тез-тез шифохонада даволанишимга тўғри келмоқда. Лекин буни шароитим кўтармайди. Яқинда туман раҳбариятидан келишиб, Фарғона вилоятидаги “Олтиариқ” санаторийсига даволаниш учун йўлланма беришди, моддий ёрдам кўрсатишди. Барака топишсин. Буларнинг барчаси юртимиздаги тинчлик туфайли, Президентимизнинг одамлар манфаатини ўйлаб юритаётган оқилона сиёсати самарасидир. Илоҳим, юртимиз ҳамиша тинч бўлсин, ёшларимиз камоли бундан-да улуғ бўлаверсин.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
3 784






Все о погоде - Pogoda.uz