ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:36 Чоп этиш версияси

Муаммолар илдизига таҳлилий назар

Муаммолар илдизига таҳлилий назар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида “Ёшлар маънавияти: муаммо ва ечим” мавзусида Ёшлар пресс-клубининг махсус сессияси ўтказилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Зиё, таниқли журналист А.Мелибоев ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг камолоти ва истиқболига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентнинг 2018 йил 14 августда қабул қилинган "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларни ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, педагог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини оширишда янги истиқболларни очиши шубҳасиз.

Энг улуғ ва энг азиз байрам – Мустақиллик айёми арафасида юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган учрашув ва мулоқотлар, тарғибот тадбирлари давомида ёшлар онгига юртимизда кечаётган шиддатли ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини, аҳамиятини, навқирон авлод камолоти йўлидаги чексиз меҳр ва эътиборни ҳаётий мисоллар ёрдамида, самимий тарзда тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда айрим ёшларни истиқлол ва унинг неъматлари қадрига етишга, маънавиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган ғовларни тўғри ажрата олишга ўргатиш муҳим аҳамият касб этади. Тадбирда маънавиятимиз илдизига болта ураётган айрим иллатларнинг сабаби ва моҳияти ёшлар аудиториясининг иштирокида атрофлича муҳокама этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
2 934