Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 14:55 Чоп этиш версияси

Муаммолар ечими ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда

Муаммолар ечими ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жойларда ташкил этилган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятидан аҳоли мамнун.

Фарғона вилоятида ҳам ҳудудлар ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари бошлигида тўрт секторга бўлиниб, улар томонидан кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Вилоят бўйича ҳар бир сектор раҳбари бошчилигида 80 ишчи гуруҳи тузилиб, унга давлат бошқаруви идоралари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан иборат 2 минг 240 нафар ходим жалб этилган.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар янгича ёндашув асосида қайта кўриб чиқилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туман ва шаҳарларда аниқланган, вилоят даражасида ҳал этиладиган муаммолар ечими ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилаётир.

Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида ўтган даврда 49 лойиҳа амалга оширилди. Саноат йўналишида 11, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 25 лойиҳа ишга туширилиб, 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида барча маҳаллаларда очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ташкил этилиб, муаммоларга ижобий ечим топилмоқда.

Туман комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тўрт секторга бўлиниб, уларга туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари раҳбар этиб бириктирилган.

Туман ҳокими Таваккал Раҳимов раҳбарлик қилаётган секторга "Соҳибкор", "Тул", "Қалъача", "Ғазнов", "Девайрон", "Ленбург" маҳалла фуқаролар йиғини киритилган. Ушбу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳар бир хонадонга кириб, фуқаролар билан мулоқот қилиш, муаммоларини ўрганиш, турмуш даражасини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, манзилли дастурлар ижросини назорат қилиш бўйича тегишли ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Ҳар куни туман ҳокими 25-30 оилага кириб, уларнинг яшаш тарзи ва муаммоларини ўрганмоқда. Маҳаллалардаги қатор муаммоларга амалий ечим топилмоқда.

– Туман ҳокими раҳбарлигидаги секторнинг ишчи гуруҳи штаби агросаноат касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган, – дейди "Соҳибкор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эргашали Тўраев. – Ўтган вақтда тегишли давлат ташкилотлари томонидан унинг фаолиятини тўғри ташкил этиш, вазифалар аниқлигини таъминлашга қаратилган бир неча семинар-йиғилишлар ўтказилди. Тадбирларда маҳалламиз кесимида ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, аҳоли мурожаатлари ҳам атрофлича ўрганилди. Улар асосида эски "йўл харитаси" қайта тузилиб, вазифаларнинг ижро муддати ва масъуллар рўйхати шакллантирилмоқда. Айни пайтда ишчи гуруҳимиз билан харитани янада такомиллаштириш, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Секторда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, кам таъминланган, муҳтож фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган вақт мобайнида ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан ҳомийлар жалб этилиб, Соҳибкор маҳалласида истиқомат қилувчи 10 кам таъминланган оилага пул ва дори воситалари кўринишидаги моддий ёрдам ажратилди. Уларнинг фарзандларига мактаб формалари туҳфа қилинди. Бундан ташқари, маҳалла фаоллари ва саховатпеша фуқаролар ҳамкорлигида маҳалладаги 15 кам таъминланган оила ҳамда 8 нафар ногирон фуқаро ҳолидан доимий хабар олиниб, зарур ёрдам кўрсатилмоқда.

Туман прокурори Жаҳонгир Фозилов ўз ҳудудида ҳар куни тадбир ва учрашувлар ташкил этиб, “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратмоқда. Сарибозорча маҳалласидаги Себзор кўчасига ичимлик суви тортилди. 400 метр ички йўлга шағал ётқизилди. Шу кунгача маҳаллаларда аниқланган 24 масала ижобий ҳал этилди. Ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий вазият барқарорлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Маҳалла фаоллари ва профилактика инспектори ҳамкорлигида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар вақтида қилинган мурожаатларнинг асосий қисми, жумладан, ичимлик суви муаммоси, йўлларнинг таъмирталаблиги ва моддий ёрдам бериш масалалари ижобий ҳал этилаётир.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Баҳром Раҳмонқулов ҳам ўзига бириктирилган Ҳушёр, Себзор, Қақир, Шарқобод, Қизилқиёқ маҳаллаларидаги дастурлар ижросини қатъий назоратга олган. Кейинги йилларда ушбу маҳаллаларда томорқачилик маданияти ривожланиб, аҳолининг даромади яхшиланмоқда. Хонадонларда бўш турган ерни учратмайсиз. Картошка, сабзи, пиёз, помидор, қўйингки, барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида ҳудудда чегарани бузиш ҳолати билан боғлиқ 3 жиноят қайд этилган. Айни кунларда сектор раҳбари томонидан бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ тадбирлар белгилаб олинган.

Зангат қишлоғи ёшлари жорий ўқув йилини янги умумтаълим мактабида бошлади. Бу ерда 140 ўринли янги ўқув биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур мактаб жойлашган ҳудудга туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлик қилмоқда.

– Ҳаётбахш ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашда секторлар фаолияти жуда яхши самара бермоқда, – дейди туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Фарид Тўрабоев. – Аҳоли билан бўлаётган бевосита мулоқотларда айнан маълум бир ҳудудга хос тадбиркорликни ривожлантириш, солиқ имтиёзларини жорий этиш ёки амалдаги турли йиғим ва тўловларни ҳудуд имконияти, шароитидан келиб чиқиб ўзгартириш бўйича хулосалар жамланмоқда. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди ва қонун доирасида ҳал этиш учун вилоят, республика миқёсидаги идораларга тақдим этилади.

Секторлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудда яшаётгани, аҳоли билан ҳамнафас бўлиш, муштарак мақсадлар йўлида ҳамжиҳатликда иш юритиш эзгу ташаббусларни тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, “йўл харитаси” ижросини таъминлаш ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, пировардида эл-юрт тараққиёти ва фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Масъуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 261






Все о погоде - Pogoda.uz