Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 19:27 Чоп этиш версияси

Отахон “ишонч телефони”га қўнғироқ қилишини айтгач, терминал ишлаб кетди

Бекобод шаҳридан пойтахтга қайтишда бир отахон билан ҳамсуҳбат бўлдим. Ёши улуғларнинг гурунгидан панд-насиҳат уқасиз.

– Ҳозиргина маҳалладаги дўконга мана бу нарсаларни олгани кирдим, – деди отахон ёнидаги сумкага ишора қилиб. – Харажатни тўлай, деб пластик карточкамни узатсам, «Терминал негадир ишламаяпти, бобо, бугунча нақдга савдо қилаяпмиз» дейди. Аввал кирганимда ҳам шундай дегани ёдимга тушиб, жаҳлим чиқди. Сотувчи йигитдан ёнида қўл телефони бор-йўқлигини сўрадим, бор экан. Вилоят солиқ идорасининг “ишонч телефони” рақамини айтиб, шунга қўнғироқ қилиб беришини илтимос қилдим. Нима? Рақамни ёддан билармидингиз дейсанми?.. Ёддан билмайману, лекин ҳамма дўконда «мана» деб, кўринадиган жойга ёзиб қўйилган-ку. Хуллас, шундан кейин терминал ҳам ишлаб кетди.

Шундан сўнг отахон бу ҳолатга нисбатан ўз хулосасини сўзлай бошлади. Бу ҳақда бироз кейин...

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент вилояти давлат солиқ идоралари “ишонч телефони”га фуқаролардан 290 га яқин мурожаат келиб тушган. Улар ўз вақтида ўрганилиб, 246 таси бўйича текшириш ишлари олиб борилган. Қолган мурожаатлар ўрганиш жараёнида. Мазкур мурожаатлар таҳлил қилинганида уларнинг аксарияти савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида ўрнатилган тартиб-қоида ва қонунбузилиши билан боғлиқ экани маълум бўлмоқда.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан ҳам фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш тизими такомиллаштирилмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солингани ҳаётимизда адолат тамойиллари янада мустаҳкам қарор топишида катта аҳамият касб этмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Юнусжонов. – Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, фуқароларнинг ҳар қандай шаклда амалга оширилган шикоят, ариза ва таклифлари ўз вақтида ўрганилмоқда. Фуқаро мурожаати таҳлилига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли қайси ҳудудда қонунлар ижроси нечоғли таъминланаётгани ўрганилиб, бу бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Баъзан оддий кўринган мурожаат ўрганилганда жиддий қонунбузарликлар борлиги аниқланган ҳолатлар ҳам учрайди. Масалан, харид чеки берилмагани ҳақидаги мурожаат ўрганилганда аксарият ҳолларда савдо дўконида нақд пул назорат-касса машинаси хотирасига кирим қилинмаётгани маълум бўлмоқда.

Вилоят давлат солиқ идоралари “ишонч телефони”га келиб тушган қонунбузарлик ва камчиликлар ҳақидаги ҳар бир мурожаат масъул ходимлар томонидан ҳисобга олиш дафтарига қайд этилиб, тегишли тартибда ўрганилмоқда. Бошқарма томонидан тадбиркорларнинг нақд пул тушумини яшириш ҳолатлари ҳамда фуқаролар мурожаатлари таҳлилини ўрганиш мақсадида ҳудудларда жорий йилнинг ўтган даврида 300 дан ортиқ назорат тадбири ўтказилди. Назорат-текширувлар натижасида назорат-касса машинасидан белгиланган тартибда фойдаланмаслик ва харидорларга сотилган товар, кўрсатилган хизматлар учун чек бермаслик, савдо ва хизмат кўрсатишдан тушган нақд пул тушумини банк кассаларига топширмаслик, тўлов терминаллари ўрнатмаслик, терминал орқали устама ҳақ қўйиб сотиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган ҳолатлар бўйича қонуний чоралар кўрилди. Турли тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Жорий йил бошида вилоят давлат солиқ бошқармаси ва ҳудудий давлат солиқ инспекциялари ҳузурида жамоатчилик маслаҳат кенгашлари тузилди. Намунали солиқ тўловчилар, тадбиркорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа соҳа вакиллари жалб қилинган мазкур кенгашлар аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдаги конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажариш, солиқ амалиёти билан боғлиқ профилактика тадбирларида давлат солиқ хизмати органларига яқиндан кўмак бермоқда.

...Отахон билан суҳбатнинг қуюғи – у кишининг хулосаси бўлди.

– Дўкондан чиқаётсам, сен тенги бир йигит «Бобо, сотувчини барибир йўриғингизга юришга мажбур қилдингиз-а?» дейди. Аслида, мен ўз ҳуқуқимдан фойдаланиб, сотувчининг мажбуриятини эслатдим, холос. Президентимиз, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланилмаса, қонунларга амал қилинмаса, ривожланиш бўлмайди-да, болам. Ҳар бир фуқаронинг қонунларни, ўз ҳуқуқини, бурчини билиши, унга амал қилиши мамлакатимизда барпо этилаётган кучли фуқаролик жамиятининг асосий талабларидан бири эканини унутмаслик керак...

Икром Аввалбоев, ЎзА
3 874






Все о погоде - Pogoda.uz