Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.09.2018 17:25 Чоп этиш версияси

Муаммолар амалий ечим топмоқда

Муаммолар амалий ечим топмоқда
Халқ билан мулоқот

Маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 55 маҳалла фуқаролар йиғини ўрганилиб, 35 мингдан зиёд хонадонга уйма-уй кириб чиқилди. Турли йўналишларда жами 5 минг 393 муаммо аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва кадрлар захираси масалалари бўйича маслаҳатчиси У.Исмоилов ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган йиғилишда мазкур тумандаги ўрганиш натижалари атрофлича таҳлил қилинди.

Бугунги кунда туманда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича “йўл харитаси” асосида белгиланган тартибда иш олиб борилмоқда. Хусусан, ичимлик суви бўйича 205, электр энергияси бўйича 155 муаммо қисқа вақт ичида бартараф этилди. Бу борадаги барча юмушларни 20 сентябрга қадар якунлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги кўмагида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Республика ишчи гуруҳи ташаббуси ва бевосита вилоят ҳокимлиги ёрдамида аҳолига 1 минг 258 дона суюлтирилган газ баллони тарқатилди. 17 минг 799 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

Туманда энг долзарб муаммолардан бири бу – ишсизлик. Иш билан таъминлаш ва меҳнат муносабатларига доир мурожаатлар бўйича ташкил этилган меҳнат ярмаркалари орқали қарийб 680 фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ўз тадбиркорлигини бошлаш истагини билдирган 400 га яқин фуқарога банкдан имтиёзли кредит олиш бўйича ҳужжат тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Туманда тиббий хизмат, патронаж хизматининг сифати пастлиги аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ҳудудда ҳали-ҳамон бирор ижобий натижадан дарак йўқлиги ачинарли, албатта.

Тадбиркорлар билан ишлаш ҳам талаб даражасида эмас. Бинобарин, туман ҳокимлиги тадбиркорлар билан мулоқот қилиш тизимини қайта кўриб чиқиши зарур. Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ ташаббуси билан республика тижорат банклари раҳбарлари иштирокида бувайдалик 200 дан ортиқ тадбиркор билан мулоқотлар ўтказилди. Ўнлаб тадбиркорларнинг муаммолари жойида ҳал этилди. Туманда кичик саноат зонасини ташкил этишга эҳтиёж бор, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси юзасидан аниқ режа ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Туманда ўтказилган хатлов натижасида 340 та бўш турган бино-иншоотлар аниқланди.

Шунингдек, йиғилишда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш, ичимлик суви тармоқлари тортиш, ички йўлларни таъмирлаш, таълим-тарбия, хотин-қизлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти билан боғлиқ масалалар таҳлилий-танқидий руҳда сарҳисоб қилинди. Маҳаллаларда жамоатчиликнинг таъсири сезилмаётгани туфайли жорий йилнинг ўтган даврида 14 маҳаллада жиноятлар ўсишига йўл қўйилгани афсус билан қайд этилди. Ҳар бир маҳаллада қатъий тартиб-интизом бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, йиғилишда Бувайда тумани марказининг меъморий қиёфасини замонавий мезонлар бўйича ўзгартириш, канализация тармоқлари барпо этиш, куз-қиш мавсуми тайёргарлиги, ободонлаштириш ишлари борасидаги долзарб масалалар муҳокама этилди. Ҳар бир сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан маҳаллаларда аҳоли муаммолари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА