ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Муаммо жиддий, сабаблар кўп

Муаммо жиддий, сабаблар кўп

Сўнгги уч йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасаларида 608 нафар изланувчи таянч докторантура ва докторантурада таҳсил олди. Афсуски, уларнинг 44,5 фоизи докторантурани ҳимоясиз якунлаган. 

Бунга сабаб(лар) нима, қандай муаммолар бор?

“Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш: миллий амалиёт ва хорижий тажриба” мавзусида бўлиб ўтган конференцияда шу каби саволлар муҳокама этилди.

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда қўмита аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари, илмий-тадқиқот марказлари, республика ихтисослаштирилган тиббий илмий-амалий марказлари мутахассислари иштирок этди.

Таъкидланишича, бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида 26 минг нафардан зиёд ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Шундан 10182 нафари илмий даражага эга. Фан доктори илмий даражасига эга бўлганлар сафида аёллар 31 фоизни, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлганлар орасида эса 36 фоизни ташкил этади.

Таянч олий таълим муассасалари ҳузурида 21 та қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ташкил этилган. Уларда ҳар йили 8 минг нафар педагог кадр 200 дан ортиқ йўналишда ўз малакасини оширмоқда.

– Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид тартиб-қоидаларининг такомиллаштирилиши натижасида диссертацияни дастлабки муҳокамадан ўтказувчи илмий семинарлар сони кескин қисқартирилди, – деди Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев. – Илмий кенгашнинг эксперт комиссияси тугатилди. Илмий даража ва илмий унвонлар олиш бўйича Олий аттестация комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ўрта ҳисобда 43 фоизга камайтирилди. Шунга қарамай, юртимизда моддий-техник, илмий-интеллектуал ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда мавжуд илмий-техник салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмаяпти.

Таҳлилларга кўра, 2007-2016 йилларда бажарилган 841 та фундаментал тадқиқотларнинг 35 таси ёки 4,2 фоизи идоралараро тадқиқотлардир. Бу илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларининг лойиҳаларда фақат ўзлари иштирок этишга ҳаракат қилганлигини англатади. Айни ҳолат олий таълим ва академик илм-фаннинг интеграциясига жиддий тўсқинлик қилган. Оқибатда аҳамияти паст илмий лойиҳалар кўпайган.

Яна бир муаммо шундаки, тадқиқотчиларда инновацион ва стартап лойиҳаларни тайёрлаш тажрибаси етишмайди. Шу сабабли инновацион ишланмалар ва технологияларни иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳаларига жорий қилиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Хўш, бундай оғриқли масалаларни қандай ҳал этиш мумкин? 

Конференцияда бу бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Мутахассислар фикрича, таянч докторантура ва докторантурада квоталарни тақсимлаш тизимини такомиллаштириш зарур. Бунда мамлакатимиз миқёсида талаб даражаси юқори бўлган, устувор йўналишлар бўйича ихтисосликларни ҳисобга олиш керак.

Бундан ташқари, таянч докторант ва докторантларнинг иш жойи, ўқиш шароитлари, фаолиятини тизимли тавсифда таҳлил этиш, мониторинг қилишнинг оптимал механизмларини ишлаб чиқиш лозим. Тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш, таҳлил ва самарадорликни баҳолаш бўйича стандарт меъёрий асосларни яратиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Қайд этилишича, ҳозир юртимиздаги илмий ходимларнинг ўртача ёши 57 ёш. Агар ҳозирдан ёшларни илмий соҳага кўпроқ жалб қилиб, уларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмаса, яқин йилларда илмий кадрлар билан боғлиқ муаммолар юзага келиши эҳтимолдан холи эмас.

– Айни пайтда юртимизда 273 миллиард сўмлик 1514 та давлат илмий-техник дастурлар бажарилаяпти, – деди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шуҳрат Отажонов. – 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ўтказилган мониторинг якунларига кўра, улар асосида 2555 та илмий мақола нашр этилган. Шундан бор-йўғи 161 таси халқаро нуфузли илмий журналларда эълон қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, чет элда илмий мақола чоп эттириш 500 АҚШ доллардан 1000 АҚШ долларгача маблағни талаб этади. Шуларни инобатга олган ҳолда вазирлик томонидан илмий мақолаларни юқори рейтингга эга илмий журналларда чоп этишга кўмаклашиш мақсадида “Proofreading” хизмати ишга туширилди.

Шуҳрат Отажоновнинг сўзларига кўра, Proofreading илмий мақола матнини юқори баҳоланган журналларнинг талабларига мувофиқ таҳрирлайди, ёзма инглиз тилидаги матнни такомиллаштиради, имло ва грамматик хатоларни бартараф этиб, белгиланган техник талабларга мослаштиради. Энг асосийси, ушбу хизмат мутлақо бепул. Ундан мамлакатимиздаги олимлар, илмий изланувчилар ва мутахассислар фойдаланиши мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий сайтидаги махсус иловага инглиз тилидаги мақолани жойлаш кифоя.

Олий малакали илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлашда хорижий мамлакатлар тажрибаси қандай? 

Улардаги қай бир илғор ютуқларни Ўзбекистонга татбиқ этса бўлади? 

Тадбирда шу хусусда ҳам ўзаро фикр алмашилди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти проректори Шерзод Актамов бу борада Хитой тажрибаси ҳақида маълумот берди:

– Хитойда докторантурага кириш имтиҳонларида номзод илмий кенгашга режа тақдим қилиши керак. Унда изланувчи қандай тадқиқотни амалга оширади, қайси илмий методлардан фойдаланади, қай бир манбалар билан ишлайди, якунда қандай натижага эришилади каби саволларга батафсил жавоб акс этиши талаб этилади. Эътиборли томони, докторантлар ОТМда мутахассислик ва илмий тадқиқотлар методологияси фанлари бўйича ўқитилади. Бу бўйича имтиҳондан ўтсагина илмий иш ҳимоясига киритилади. Фикримча, бизда ҳам айни шу жиҳатларни амалга татбиқ этиш керак.

Анжуманда мавзу бўйича билдирилган таклифлар, тавсиялар салмоқли бўлди. Мана, уларнинг айримлари: мамлакатимизда хорижий фалсафа доктори (PhD) даражасига эга олимлар дипломини нострификация қилиш жараёнини қайта кўриб чиқиш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан тавсия этиладиган журналларнинг фаолиятини халқаро талабларга босқичма-босқич мослаштириш мақсадга мувофиқ. Шунингдек. диссертация ишларини расмийлаштириш, тарқатиш ва топшириш жараёнларини электрон ҳужжатлаштириш тизимига ўтказиш фурсати етди. Янги, долзарб йўналишлардаги илмий тадқиқотларнинг сони ва сифатини оширишга ҳам жуда катта эҳтиёж бор.

3 592
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА