Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 19:16 Чоп этиш версияси

"Муҳими, ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш мутлақо бепул"

Бундан атиги 4-5 йил аввал ҳам солиқ идорасида СТИР (солиқ тўловчининг идентификация рақами) олиш учун кичкина туйнук ортида соатлаб навбатга туришга тўғри келар эди. Бугун эса, СТИР олиш учун солиқ идорасига боришга ҳожат йўқ. Интернет тармоғи орқали солиқ идорасининг расмий сайтига кириб, тегишли анкетани тўлдирасиз ва жўнатасиз, бўлди. Белгиланган вақт оралиғида идентификация рақами электрон почтангизга келади. Солиқ идорасининг электрон базасида мавжуд идентификация рақамларини аниқлаш ёки чоп этишга эса саноқли дақиқалар кифоя қилади. Албатта, буларнинг барчаси ҳаётимизга ахборот-коммуникация технологиялари кириб келиши ва яратилаётган қулайликлар самарасидир.

– Электрон давлат хизматлари ва электрон хизматлар Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти, ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари ва қўмита тасарруфидаги ташкилотларнинг веб-сайтлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, мобил иловалар, мобил телефонлар, стационар телефонлар ва бошқалар орқали кўрсатилмоқда, – дейди Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Сирожиддин Эшматов. – Шу боис, электрон тарзда давлат солиқ органлари функцияларини бажариш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги ва тезкорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқармамиз томонидан электрон давлат хизматлари кўрсатиш бўйича сўровларни пухта ва сифатли қайта ишлаш ҳамда фойдаланувчиларнинг мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилиши устидан назорат кучайтирилган. Бу эса, юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлик даражаси ошишига ҳамда турли харажатлар қисқаришига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасининг электрон давлат хизматлари – my.soliq.uz портали орқали жисмоний ва юридик шахсларга 35 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Солиқ тўловчиларнинг таклифлари ва уларни қийнаётган масалалар инобатга олиниб, ушбу хизматлар такомиллаштирилмоқда, янгилари жорий этилаётир.

Электрон давлат хизматларидан 15 таси ахборот давлат хизматлари, 20 таси интерактив давлат хизматлари таркибига киради. Порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетлари ташкил этилган. Масалан, кейинги икки йил давомида 10 та янги электрон хизмат турлари жорий этилди.

Дарҳақиқат, фуқароларнинг солиқ идораларига келмасдан ўзларига керакли маълумот ва маслаҳатларни онлайн тизимида қисқа муддатда олиши ҳам вақт, ҳам маблағ тежалишига хизмат қилади. Айниқса, тадбиркорлик субъектлари учун бундай қулайликлар яхши натижа беради.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида my.soliq.uz порталига қашқадарёлик 100 мингдан зиёд фойдаланувчи томонидан 20,7 миллиондан ортиқ мурожаат бўлган. 2018 йилда шахсий кабинетлар орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан 135,2 миллиард сўм ва жисмоний шахслар томонидан 112,5 миллион сўм солиқ тўловлари электрон шаклда амалга оширилган.

Шунга монанд ўтган давр мобайнида солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги хизматларга жисмоний шахслар томонидан 454,1 минг маротаба, юридик шахслар томонидан 242,2 минг маротаба, якка тартибдаги тадбиркорлардан 1,9 минг маротаба мурожаат бўлган.

Давлат солиқ бошқармасининг электрон хизматлари қаторида корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорликлари ёки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини шахсий кабинет орқали онлайн тўлаш имконияти ҳам яратилган.

– Бунда эгалигидаги мулки ёки еридан солиқ қарздорлиги бўлган (жумладан, жорий солиқлари тўланмаган) ходимлар рўйхати автоматик равишда корхоналарнинг шахсий кабинетида акс этиб туради, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Зокир Ғойибназаров. – Иш берувчи ўз ходимининг аризасига мувофиқ, маҳаллий солиқларини битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб бериши мумкин. Тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрларини қоғоз шаклида солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Муҳими, ушбу тўлов тизимла
ридан фойдаланиш мутлақо бепул. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 217 юридик ташкилот 8 минг 660 нафар ходимининг 2 миллиард 100 миллион сўм мол-мулк ва ер солиғини онлайн тарзда тўлаган.

Хулоса шуки, интерактив хизматлардан кенг фойдаланиш ҳам вақтни, ҳам нақдни тежайди. Бу эса, иш унумининг ортиши ва турмуш фаровонлашувига хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, ЎзА