Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 14:30 Чоп этиш версияси

Муҳим қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда фракция раҳбари Наримон Умаров 2017 йилдаги фаолият сарҳисоби ҳамда 2018 йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берди.

2017 йил давомида фракциянинг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 50 га яқин йиғилиши ўтказилиб, уларда 125 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Энг долзарб қонун лойиҳалари партиянинг қуйи тузилмаларида, жумладан, бошланғич ташкилотлари фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, экспертлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамадан ўтказилди. Олинган таклифлар асосида ишлаб чиқилган партия сайловолди дастури ва электорат манфаатларини ифодаловчи аниқ позициялар фракция йиғилишида илгари сурилди. Жумладан, 24 та қонун лойиҳаси бўйича жойлардан олинган таклифларнинг 67 таси парламент қуйи палатасининг муҳокамаларида қонун лойиҳаларини маромига етказишда ҳисобга олинди.

Ўтган йил давомида фракция аъзолари 15 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлди. Шунингдек, 2 та қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди.

Парламентдаги мухолиф сифатидаги ваколатларидан фойдаланиб, 2017 йилда фракция ташаббуси билан ҳукумат томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасининг муқобил таҳрири ишлаб чиқилиб, палата муҳокамасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қабул қилинишига эришилди.

Партия фракцияси назорат-таҳлил фаолиятида ҳам самарали натижаларга эришди. Жумладан, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги билан партия ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, аниқ мақсадли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида фракцияси ташаббуси билан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда халқ таълими вазирининг мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил этиш, жумладан, 11 йиллик таълимни жорий этиш, касб-ҳунар коллежларида таълимни ислоҳ қилиш борасидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги қўмита эшитуви ташкил этилди.

Депутатлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, жумладан, тор соҳа шифокорлари ва дори-дармонлар етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил этишда амалий кўмак берилди.

Шунингдек, тиббиёт соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда аҳолининг замонавий тиббий хизматлардан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш мақсадида “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва жойларда кенг муҳокамалари бўлиб ўтди.

Ўтган йил Фанлар академияси, Фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Айни пайтда ушбу қонун лойиҳалари соҳа мутахассислари ва партия электорати орасида кенг муҳокамалардан ўтказилмоқда. Янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ушбу йўналишда ҳамкорлик давом эттирилмоқда.

Матбуот анжуманида алоҳида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномаси ва «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури асосида фракция томонидан алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва устувор вазифалар белгилаб олинди.

Бунда аввало соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, партия ташаббуси билан кўп йиллик тажриба ва изланишлар асосида ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”га қонун лойиҳаларини янги ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тезроқ такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш белгиланган.

2018 йилда партия фракцияси ташаббуси билан адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
12 607