Муҳаррам Дадахўжаева: Шифокорларга тажовуз учун қонуний жавобгарликни кучайтириш лозим
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева шу йил 21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида юз берган ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева шу йил 21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида юз берган ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.
– Амалдаги жиноят қонунчилигида хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилиш, уларга бу жараёнда тан жароҳати етказиш учун жавобгарлик чоралари нисбатан енгил. Оқибатда айбдор шахслар айрим ҳолларда қилмишига яраша жазоланмасдан қолиб кетмоқда.
Андижонда содир этилган ушбу воқеа тиббиёт ходимларининг нафақат соғлиғи, балки уларнинг ҳаётига нисбатан тажовуз, суиқасддир.
Шунинг учун мазкур ҳолатда Инобатхон Аҳмедованинг ўғли Файзуллонинг ҳаракатларига жиноят қонунида назарда тутилган қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш жинояти сифатида баҳо бериш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳеч ким ўзича бировни жазолашга, бировга нисбатан ўзича “ҳукм” чиқаришга ҳақли эмас. Агар бирор-бир ҳолатда шифокорнинг айби бўлса, унга нисбатан фақатгина қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши лозим.
Шифокорни нотўғри даволаганликда ёки бирор-бир беморнинг ўлимида айблашдан аввал унинг амалга оширган муолажалари, албатта, мутахассислар томонидан синчковлик билан ўрганилгандан сўнг бир тўхтамга келиниши керак.
Ҳа, албатта, тиббиёт соҳасида ҳам бошқа соҳалардаги каби муаммоларимиз етарли. Лекин шифокорларимизнинг меҳнати билан қанчадан қанча инсоннинг ҳаёти сақланиб қолинаётгани, қанчадан қанча бемор оғир хасталиклардан халос бўлаётганини ҳам унутмаслик зарур.