Ўтмишни ўрганишда эскича ёндашишлардан фарқли замонавий услубларни ишлаб чиқиш ва уларни тадқиқотларда қўллаш ҳам энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

photo_2020-06-01_22-07-36.jpgЎтмишни ўрганишда эскича ёндашишлардан фарқли замонавий услубларни ишлаб чиқиш ва уларни тадқиқотларда қўллаш ҳам энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу эса воқеа-ҳодисалар ҳамда тарихий шахсларга нисбатан баҳо беришда янгича қарашларни юзага келтирмоқда, қолипга тушиб қолган айрим тушунчалар ва фикрларни ўзгартирмоқда. 

Бу, ўз навбатида, ўзбек халқининг тарихий тафаккури, миллий ўзликни англаш жараёнига ижобий таъсир этмоқда, ёш авлод ўз тарихини миллий қадриятлар негизи ва умуминсоний меъёрлар билан уйғунликда ўрганиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Турон ва Эрон тарихида араблар ҳукмронлиги даврида яшаган ва бир қатор тарихий воқеаларда муҳим ўрин тутган Ҳошим ибн Ҳаким, яъни Муқанна (783 йили ўлган) шахсига нисбатан ҳам ҳозирда турлича қарашлар юзага келгани сир эмас.

Тарихда кечган ҳодисалар, ўтган шахслар ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни бизга ёзма манбалар тақдим этиши яхши маълум. Муқанна яшаган даврда араб халифалигига тобе ўлкаларда бўлгани каби, бизнинг юртимизда ҳам сиёсий, илмий муомалада араб тилининг мавқейи кучли бўлгани ҳам бор гап. 

Шу сабабдан ҳам, ушбу тарихий шахс ҳақида бизга араб манбалари, шунингдек, уларнинг кейинчалик амалга оширилган форсча таржималари ва бошқа манбалар қимматли маълумотларни тақдим эта олади. Жумладан, Муқанна ҳақидаги ёзма маълумотлар Муҳаммад Жарир Табарийнинг (839-923) «Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи», Абу Бакр Наршахийнинг (899-959) «Бухоро тарихи», Ибн ал-Асирнинг (1160-1233) «Мукаммал тарих» ва бошқа шу каби кўплаб асарларда келтирилади.

Уларда Муқанна шахси, унинг фаолиятига нисбатан салбий баҳо берилган. Бугунги кунда ҳам матбуот, интернет саҳифаларида Муқанна шахсига нисбатан ўта салбий баҳо берилган бир қатор мақола, маълумот ва фикрларни учратиш мумкин. Муаллифлар ўз қарашларини илгари суришда асосан биз юқорида санаб ўтган араб ёки форс тилидаги манбалар, шунингдек, бундан бир неча ўн йиллар бурун яратилган илмий адабиётлардаги маълумотларга таянадилар. 

Шу маънода, зикр этилган ёзма манбалар асосан саройларда ёзилгани, уларнинг дастлабкиларида расмий ҳукумат қўлида бўлган араблар ёки мусулмонлар табақаси манфаати ҳимоя қилингани, кейинчалик ёзилган манбаларда эса, маҳаллий ҳукмрон сулолалар ва расмий мафкура бўлмиш суннийлик мазҳаби ғоявий манфаатлари устун қўйилганини кўздан қочирмаслик керак. 

Қолаверса, уларда ислом дини ва ҳукмрон мазҳаб мафкурасига мос тушмаган ҳар бир ҳодиса, ғоя ва уларнинг эгаларига нисбатан салбий қараш ва тоқатсиз муносабат кўзга ташланади. Шунингдек, манбаларда кўпинча араблар, яъни ҳукмрон сулола манфаатига мос келмаган воқеа ва ҳодисаларни ҳам ислом, мусулмонларга қарши фитна сифатида баҳолаш, уларда қатнашган шахсларни салбий жиҳатдан тасвирлашга уриниш ҳолатлари учраши ҳам тарихчилар сир эмас.

Масалан, юқорида тилга олинган, тарихчи, файласуф, фақиҳ ва шоирлиги билан шуҳрат қозонган Муҳаммад Жарир Табарий ёшлигидан исломий муҳитда катта бўлган ва шу қадриятлар асосида тарбияланган. Унинг «Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи» асари 914 йили, яъни Муқанна ўлимидан юз ўттиз йиллар кейин ёзиб тугалланган. Қуръон тафсирига бағишланган асари ҳам бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Табарий сунний мазҳабли тарихчиларнинг энг обрўлиси ҳисобланади.

Муқанна шахсига ва унинг исёнига нисбатан тўлиқ баҳо берган муаллифлардан яна бири, тилга олинганидек, Абу Бакр Наршахийдир. Ўзининг «Бухоро тарихи» асарини 943-944 йилларда, яъни Муҳаммад Жарир Табарийдан кейин ўттиз йиллар ўтиб, араб тилида ёзган ва уни сомоний ҳукмдор Абу Муҳаммад Нуҳга (943-954) бағишлаган.

Муқанна замонидан бир ярим аср кейин ижод қилган Абу Бакр Наршахий мавзуни ёритишда ўзга муаллифлар ёзган ишларга таяниши табиий эди. Тарихчининг ёзишича, Муқанна билан боғлиқ мавзуни у Абу Исъҳоқ Иброҳим Сулийнинг «Ахбори Муқанна» асаридан олинган маълумотлар асосида ёритган. Мазкур асар бизгача етиб келмагани, шунингдек, «Бухоро тарихи»нинг ўзи кейинги асрларда бир неча марта таҳрир этилгани, қисқартирилгани сабабли, Абу Бакр Наршахий бирламчи манбадан қандай фойдалангани, унинг асарида кейинги таҳрир ва қисқартиришларда нималар тўғриланиб, қандай бўлаклар олиб ташланганлигини аниқ айтиш қийин. Нима бўлганда ҳам, ҳозир ихтиёримизда «Бухоро тарихи»нинг араб тилида битилган асли эмас, кейинчалик турли даврларда қайта ишланган форсча таҳрири бор.

Юқоридаги икки манба маълумотларига таянган ҳолда, Муқанна ҳақида қуйидаги маълумотларни олиш мумкин. Масалан, Муҳаммад Жарир Табарийнинг ёзишича, Муқаннанинг асли исми Ҳошим ибн Ҳаким бўлиб, унинг она юрти Марв яқинидаги бир қишлоқ ҳисобланади. Абу Бакр Наршахий эса, Муқаннанинг Балхдан эканини қайд этган. Ўрта аср тарихчиларининг бундай маълумот беришларига сабаб, балки, Муқаннанинг она қишлоғи Марв ва Балх ўртасида жойлашган бўлиши ҳам мумкиндир.

 Шунингдек, ушбу ҳудудларни бугунги айрим замонавий муаллифлар талқин этаётганларидек, ўзбек халқи тарихи ва давлатчилигига алоқаси йўқ ерлар сифатида қараш ҳам тўғри эмас. Негаки, Марв, Балх, Жузжон, Ҳирот ва умуман ён-атрофимиздаги кўплаб минтақа, вилоятлар қадимдан ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келганлари яхши маълум.

Ҳошим ибн Ҳаким юзи хунук ва бир кўзи кўр бўлгани туфайли юзини ёпинчиқ билан тўсиб юрган. Шу сабабли у арабча «муқанна», яъни «ниқобли» деган лақабни олган. Муқаннанинг Абу Муслимнингг халифаликни бошқариб турган умавийларга қарши қўзғолонида (747-750) қатнашгани тўғрисида ҳам маълумотлар учрайди. Абу Бакр Наршахийнинг ёзишича, аббосий халифалардан Абу Жаъфар Давониқий (754-775) ҳокимият учун курашда энди-энди сиёсий майдонда кўрина бошлаган вақтда, Муқанна Хуросон қўшини қўмондони лавозимини эгаллаган. Кейинчалик, у араб халифалигининг Хуросондаги нойиби Абдулжаббор Аздийнинг (757-759) вазири лавозимигача кўтарилган.

Муқанна ўз таълимотини аҳоли орасида тарғиб қилиб, аста-секин пайғамбарликка даъво қила бошлаган ва сўнгра у бу фикрини одамларга босим ўтказган ҳолда ҳам сингдирмоқчи бўлган. Абу Жаъфар Давониқийнинг топшириғига кўра, уни Марвда тутиб, Бағдодда зиндонга ташлаганлар. Маълум муддатлик жазосини ўтаб бўлганидан кейин у озод этилган. Яна Марвга қайтиб, ўз атрофига одамларни тўплай бошлаган. Чиқишларидан бирида одамларга юзланиб, биласизларми мен кимман, деб сўраган.

 Одамлар, сен Ҳошим ибн Ҳакимсан, деб жавоб берганлар. Шунда, у, йўқ, сизлар адашдинглар, мен Худоман деган. У ўзини истаган исми билан аташи мумкинлигини, одамлар орасига худди Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, кейин Муҳаммад кўринишида келганларнинг давомчиси сифатида юборилгани, ўзи худди Абу Муслимдек эканини айтган. Шунда одамлар, улар пайғамбарликни даъво қилган эдилар, сен эса илоҳийликка даъво қилмоқдасан, деганларда, Муқанна, менда шундай куч борки, мен ўзимни истаган қиёфада намоён қила оламан, деб айтган экан.

У ён-атроф ерларда катта таъсирга эга шахсларга мактуб ёзиб, ўзини тан олишларини талаб қилган. Муқаннага одамлар эргаша бошлаганлар. У таркибида турли элатлар, кўчманчи ва ўтроқлар бўлган қўшин тузган. Абу Бакр Наршахий Муқаннанинг отаси қўшинбоши бўлганини айтиб ўтади. Унинг ўзи ҳам маълум бир вақт ҳарбий бўлгани сабаб ўша пайтларда ҳарбий фаолиятда етакчилик қилган туркий элатларнинг ишончини қозонган бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, манбаларда унинг қайси миллатга мансублиги тўғрисида қайдлар мавжуд эмас.

Муҳаммад Жарир Табарийга кўра, Хуросонда қўзғолон кўтарган Муқанна руҳларнинг кўчиб юриши ғоясини тарғиб этган ва ўзига ҳам шундай руҳ кўчганлигига даъво қилган. Бироқ Хуросонда арабларнинг мавқейи кучли бўлгани сабаб, Муқанна ўттиз олти тарафдори билан у ердан қочиб кетган. Абу Бакр Наршахийнинг эса, у Хуросонда кўплаб одамларни «йўлдан урган» ва тарафдорларини тўплаб, Мовароуннаҳрга келган, деб ёзади.

Амударёдан кечиб ўтиб, Кеш вилоятига келган Муқанна бу ерда ўзига кўплаб ёнбосарларни тўплашга муваффақ бўлган ва тоғли қалъаларнинг бирига жойлашиб олган, кўчманчи кучларни ёрдамга чақирган. Шу тариқа, Муқанна қўзғолони бутун Мовароуннаҳрни қамраб олган. Аббосийлар бошқараётган халифаликнинг расмий либосидаги қора бўёққа қарши маҳаллий оқ кийимни танлаган қўзғолончиларни «оқ кийимлилар» деб атаганлар.

Муқанначилар Бухоро, Самарқанд шаҳарларига ҳам борганлар. Ҳаракат кенг қулоч ёзиши манзарасида халифа Муҳаммад Маҳдий (775-785) ўзининг бир қатор ҳарбий саркардаларини унга қарши жўнатган. Уларга бош бўлган, Хуросон ноиби лавозимини эгаллаган Муъаз ибн Муслим икки йил қўзғолончиларга қарши курашиб, ҳеч нарса қилолмаган.

Чунончи, 159/775-776 йили Муқанна тарафдорлари Кеш атрофидаги Навокат қалъасини эгаллаб оладилар. Абу Бакр Наршахий қолдирган маълумотга кўра, VIII асрда Кеш вилоятининг Субах деган қишлоғи одамлари ўз деҳқонлари Амр бошчилигида араб нойибини ўлдирганлар ва Муқанна қўзғолонига қўшилиб, очиқчасига унинг динини қабул қилганлар.

Муъаз ибн Муслимнинг ўрнига тайинланган Мусайяб ибн Зуҳайр даврида қўзғолончилар мусулмонлардан мағлубиятга учрай бошлаганлар. 163/779-780 йили Кеш қалъаси қамалга тутилиши оқибатида улар роса ҳолдан тойганлар. Муқанна ўз мағлубиятини ҳис қилиб, ўзи, аёлларини заҳарлагани оқибатида барчаси ҳалок бўлган. Мусулмонлар қалъага бостириб кириб, унинг бошини танасидан жудо қилганлар ва бу вақтда Ҳалабда бўлиб турган халифа Муҳаммад Маҳдийга жўнатганлар.

Ўша замонлар тарихий манбаларида келтириб ўтилган маълумотлардан кўриниб турганидек, мовароуннаҳрликлар, умуман, туронликлар орасида Муқаннани қўллаб-қувватлаганлар бўлган. Ибн ал-Асир Хуросоннинг бир тарихчисига суяниб ёзишича, туркий ўғузлар Муқаннага сўнгги кунларигача ёрдам берганлар. Яъни улар унинг кучига маълум даражада ишонганлар ёки мусулмон ҳукумат сиёсатидан ҳам норози бўлганлар.

Муқанна шахсига нисбатан ижобий қарашлар асосан XIX аср охири – ХХ асрда кузатилади. Биринчидан, бу Марказий Осиё, хусусан, ўзбек халқи ўзини англаш жараёнининг кучайиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, синфий ёндашув ҳукмронлик қилган совет мафкурасининг таъсирида ҳам Муқанна шахсига нисбатан ижобий қарашлар шаклланган. 

Мустақиллик даврида эса диний қадриятларнинг тикланиши натижасида, айрим ҳолатларда Муқанна ҳақида мусулмон манбалари берган маълумотларга таянган ҳолда, унинг шахсига нисбатан салбий, баъзан ўта кескин тарздаги қарашлар ҳам кузатилмоқда. Бироқ Садриддин Айний, Ҳамид Олимжон кабиларнинг Муқанна исёнига бағишлаб ёзган ишларида, унинг шахси ва фаолиятига берган ижобий қарашларни совет мафкурасининг таъсири билангина боғлаш ҳам нотўғридир. 

Зеро, юқорида айтилганидек, VIII аср охири бу жуда мураккаб жараёнлар кечган тарихий давр ҳисобланади. Бу асрда бир томондан ислом дини табиат ва жамият ҳодисаларига нисбатан турли усуллар ва йўналишларда фалсафий (тасаввуф, калом ва муътазила, табиат фалсафаси каби йўналишларнинг илк куртаклари тарзида) жавоб беришга уринган бўлса, иккинчи томондан, зардуштийлик, монийлик ва бошқа шу каби туб динларнинг маданий, баъзан ижтимоий таъсири одамларни ҳали тўлиқ тарк этмаган эди. Муқанна ўзини илоҳий тарзда тасвирлашга интилишини ҳам мана шу ғояларнинг қанақадир бошланғич, яъни тизимлашмаган, пала-партиш тарздаги кўриниши сифатида баҳолаш мумкин.

Муқанна ҳаракати тарафдорлари томонидан ёзилган ва уларнинг қарашлари акс этган ёзма манбалар бизнинг, яъни илмий жамоатчиликнинг қўлида мавжуд эмас, аниқроғи, бугунга қадар улар аниқланмаганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Шу сабабли, Муқанна шахси ва исёнини таҳлил этишда уни фақат қоралаб, фаолиятига бир томонлама баҳо берган ҳолда ёзилган ҳамда кўпроқ расмий тусга эга мусулмон манбалари маълумотларига тўлиқ суяниб қолиш ҳам тўғри эмас.

Муқанна ҳаёти ва фаолияти VIII аср иккинчи ярмида, яъни араб халифалигида ҳокимият умавийлар сулоласидан аббосийлар сулоласи вакилларига ўтган даврга тўғри келади. Бу пайтда Абу Муслим қўзғолонининг таъсири у қадар унутилмаган бўлиб, ҳокимиятга келган янги сулола ҳали одамлар ундан кутган натижаларни кўрсата олмаган эди. Шу сабабли, аббосийлар ҳукмрон деярли барча ҳудудларда ундан норозилик кайфияти кучайиб кетган эди. 

Энг муҳими, араб халифалиги ўзгалар юртини қон тўкишлар, талон-торожлик, вайронагарчиликлар, туб аҳоли эркини топташ эвазига тузилганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Бу эса бир қанча қўзғолонларнинг юзага келишига олиб келгани ҳам яхши маълум. Муқанна, яъни «оқкийимлилар» қўзғолонини ҳам шулар қаторига киритиш мумкин. Ислом дини назарий жиҳатдан қанчалик тенгҳуқуқликни тарғиб қилмасин, араб бўлмаган маҳаллий аҳоли вакиллари, исломниқабул қилган тақдирларида ҳам, бошқарувнинг юқори поғоналарига тўғридан-тўғри кўтарила олмаганлар. 

Улар мавло, ғулом, абно ва бошқа шу каби қуллик институтлари воситасида араб-мусулмон жамиятининг сиёсий ҳаётида иштирок этганлар. Айнан араб бўлмаган халқларнинг Муқанна ва бошқа шу каби шахслар бошчилигидаги қўзғолонлар орқали бундай тенгсизликларга қарши курашлари натижасида, IX – X асрларга келиб, юқорида қайд этилган қуллик институтлари расмий аҳамият касб эта бошлаган. 

Араб бўлмаган аҳоли вакиллари учун ҳам мусулмон давлатининг сиёсий ҳаётида фаол қатнашиш имкони туғилган. Аммо VIII асрда эса ислом дини Турон ва Эрон аҳолисини катта қисми ҳаётининг мазмунига айланмаганлиги туфайли ҳам Муқанна томонидан балким илоҳийлик даъвоси очилган бўлиши ҳам мумкин.

Муқанна ҳарами масаласида эса, у пайтда бундай ҳарамлар мусулмонларда ҳам бўлган. Фақат мусулмонларда озод аёлларни никоҳга олиш сони чекланган бўлса, чўри аёлларнинг сони чекланмаган. Чўрилар ҳам ўз ҳуқуқларига кўра, бир неча турларга бўлинганлар. Муқанна шахсини ёки ҳаракатини кўкларга кўтариш, мақташ фикридан узоқ турган ҳолда айтиш мумкинки, расмий мафкура таъсирида ёзилган мусулмон манбалари хулосаларигагина таяниб, Муқанна шахсига ўта салбий баҳо бериш, фикримизча тўғри эмас.

Муқанна ҳаракати маълум даражада ўша замондаги одамларнинг, халқнинг араблар босқини, зулмига, босимига нисбатан норозилигини ифодалаган тарихий ҳодисадир. Шу жиҳатдан олганда, бу исённи ўлка халқларининг озодлик кураши дейиш мумкин. Аммо Муқанна шахсининг мураккаблиги, у одамларга таъсир кўрсатиш учун турли усуллардан фойдалангани ҳам бир ёқлама, баъзан бўрттириб қайд этилгани ҳам манбалардаги далил-исбот ҳисобланади. 

Шунингдек, ўша даврда ўлкамизда ҳукмронлик қилган араб маъмуриятини ҳам илоҳийлаштириб, уларни бугунги беками-кўст мусулмон киши фазилатларига эга шахслардек тасвирлаш ҳам жоиз эмас. Чунки аббосийлар томонидан араб бўлмаган аҳолига нисбатан олиб борилган тенгсизлик муносабати, зулм, қўшимча солиқ ва мажбуриятлар жорий этилгани тўғрисида манбаларда кўплаб маълумотлар келтирилган. 

Қолаверса, келажакда бу масалани тадқиқ этишда ўша даврга оид бошқа норасмий манбалар аниқланса ва уларнинг маълумотлари чуқур ўрганилса, илк аббосийлар давридаги Турон ва унга туташ ўлкаларда кечган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳолат, Муқанна шахси ва фаолияти юзасидан бир қатор янги маълумотларни қўлга киритиш мумкин. Бу эса, ўз ўрнида, масала юзасидан янада холис хулоса чиқаришга имкон беради.

Ҳусниддин Мамадалиев,
тарих фанлари номзоди,
Тарих институти катта илмий ходими

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муқанна: тарих ва таҳлил