Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.07.2018 16:12 Чоп этиш версияси

Муҳаммадиброҳим ота ҳамда Шарофатхон аянинг никоҳ тўйига 70 йил тўлди!

Муҳаммадиброҳим ота ҳамда Шарофатхон аянинг никоҳ тўйига 70 йил тўлди!
Юртимизда шундай оилалар борки, тилидан шукроналик, дилидан хотиржамлик узоқлашмайди. Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани, Поромон қишлоғида яшовчи Муҳаммадиброҳим ота Иномов бу йил 96 ёшни қарши олмоқда. Шу ёшда ҳам меҳнатдан, кетмон чопишдан қочмайди. Қувонарлиси, 95 ёшли турмуш ўртоғи Шарофатхон ая Иномова ҳам ҳануз бардам-бақуват. 

c5a3abde-46f2-4e76-b4a9-a16cb13ee5f6.jpg
Пиру бадавлат Муҳаммадиброҳим ота билан суҳбатлашганимизда умр йўлларини сўзлаб берди:

– Ҳаётда кўп ва хўп қийинчиликларни кўрдим. Шу қишлоқда туғилиб ўсдим. Тўрт ёшимда онамдан етим қолгандим. Икки синглим билан отамга кўмакчи бўлдик. Қўшни қишлоққа қатнаб еттинчи синфгача ўқиганман. Ўн беш ёшимда отам ҳам қазо қилди. Шундан сўнг педагогикага тайёрлаш курсига бордим. Тугатдим-у, қишлоқдаги мактабда дарс бера бошладим. Сингилларимга қараш, уйли-жойли қилиш менга юклатилганди. Аммо Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши, аҳволимизни янада қийинлаштирди. Мен урушга кетдим.b807b0ad-4f4b-46d6-9bd8-ee8bbeee7fff.jpg Шукурки, омон қайтиш насиб этди. Аммо қайтиб келсам, сингилларимнинг куёвлари армияга кетиб, бедарак йўқолган экан. Очарчилик, йўқчилик уларни қийнарди. Ишонасизми, шу ёқдан кийиб келган оёқ кийимимни сотиб, уйга у бу нарса олиб келганман. Ҳатто уйимиз йўл қурилиши режасига тушгани учун жойсиз ҳам қолиб кетганмиз. Қийналсам-да педагогига соҳасида ўқидим, 1947 йилдан бошлаб яна касбимни давом эттирдим. Умр йўлимда бошланғич таълим соҳасида 41 йил фаолият кўрсатибман. Турмуш ўртоғим Шарофатхонга ўзим дарс берганман. Битта синглим ҳам ўқитувчи эди. Кейин ўзи совчи бўлди. Шундай қилиб, олахўржин бўйинга тушган.

Суҳбатга Шарофатхон ая ҳам қўшилди:

– Аввало тақдир менга мана шундай умр йўлдошни учратганига шукроналар айтаман. Тўғри, ўша даврлар қийналганмиз. Кўп болали эдик. Аммо биздек қийналаётганлар жуда кўп эди. Сабр қилсак, мана шундай кунларни ҳам кўрарканмиз. Турмуш ўртоғим билан ўн нафар фарзандни вояга етказдик. Тиним билмай меҳнат қилсак ҳам, кўпчилигини олий маълумотли қилдик. Ҳозирда 41 нафар набира, 45 нафар чевара, 6 нафар эварамиз бор. Набирангнинг набирали бўлганини кўриш, ҳақиқий бахт экан. Шукурки, юзга яқинлашяпмиз деб касалманд бўлиб қолмадик. Турмуш ўртоғим ҳар куни чойхонага чиқишни канда қилмайди. Телевизиор кўрамиз, газета ўқиймиз. Бўш қолсам чевараларга сарпо тикаман. Кўпчилигининг кўрпа-ёстиғини ўзим қилганман.

53a999df-4b9d-4454-9b69-660845cd3b04.jpg

Муҳаммадиброҳим ота суҳбатни давом эттирди:

– Мана, тўйимизга ҳам етмиш йил бўлибди. 1948 йил турмуш қургандик. Оиланинг мустаҳкамлигини сақлаш учун, ҳар бир қийинчиликларни босиқлик, собитлик билан енгиш керак экан. Шунча йил яшаб турмуш ўртоғимнинг бирор марта сўзимни қайтарганини, сўроқсиз иш қилганини кўрмадим. Ҳар бир нарсани маслаҳатлашиб битирдик. Оиламизга ёлғон, хиёнат аралашмади. Вақтимизни меҳнат қилиш, фарзандларни зиёли тарбиялаш билан ўтказдик. Мана энди меҳнатимизнинг роҳатини кўрмоқдамиз. Турмуш ўртоғим 1994 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бир вақтлар “Қаҳрамон она” ҳам бўлганди. Мен ҳам кўплаб медаллар эгасиман. Ўтган йили имтиёзли кредит асосида машина беришди. Невараларим ҳайдаб, тўйларга, маркаларга олиб чиқади. Юртбошимизга раҳмат, бизларни ҳар байрамда сийлашади, меҳр-эътиборда бўлишимизни таъминлаб беряпти. Илоҳим халқимизнинг бахтига соғ бўлсин!

4c09ddde-6505-4582-8c9f-aef1dfbf3ad2.jpg

– Фахрий ном билан атайдиган бўлсак, иккимиз ҳам уруш қатнашчисимиз, – дея давом этади Шарофатхон ая. – Бугунги кунда маҳалла идораларига, поликлиника ҳамшираларига раҳмат айтмоқчиман. Тез-тез хабар олиб туришади. Соғлигимизни ўйлашади. Ҳатто туман ҳокимимиз ҳам келиб кетганди. Уйимизнинг бир хонасини музей қилганмиз. Тўйимизга етмиш йил бўлаётган бўлса, ҳаётимизнинг энг қувончли, энг ғамли кунларини ҳам эсдаликка сақлаганмиз. Келгуси авлодларга биздан мерос бўлиб қолади. 
0f233096-e54b-4271-9f3b-c7901ab752cf.jpg
Пиру бадавлат бу икки инсонни чиндан ҳам бугунги куннинг қаҳрамонлари дейишимиз мумкин. Уларнинг ибратли ҳаёт йўллари, турмуш тажрибалари, шубҳасиз, барчага ўрнакдир. 

Кумуш Ҳамроева суҳбатлашди
4 080