ЎзА Ўзбек

25.06.2018 10:29 Чоп этиш версияси

Муҳаммадамин ота Қуддусов: “Ҳалол касб қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди”

Муҳаммадамин ота Қуддусов: “Ҳалол касб қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди”
Уруш фахрийси, табаррук 94 ёшни қаршилаган тошкентлик Муҳаммадамин ота Қуддусов Иккинчи жаҳон уриши хотиралари, фронтга сафарбарлик, аёвсиз жанг манзараси ҳамда ғалаба шукуҳи ҳақида сўзлаб берди: 

– Уруш бошланганида айни ўсмирлик, куч-қувватга тўлган пайтимиз эди. Юрагимиз Ватан деб урар, унинг ҳимояси энг улуғ мақсадимизга айланган эди! Тенгдош дўстлар билан Тошкент текстель заводига кўчиб келган ҳарбий қисмга бориб, кўнгилли равишда фронтга ёзилдик. 1942 йил июль ойида яқинларим билан видолашиб, юрт ҳимоясига отландим. 

Хизматни Ленинград яқинида – Псков шаҳридаги ҳарбий қисмда бошладик. У ерда фронтга тезкор тайёргарлик кўрдик. 1943 йил январида музлаб қолган Ладога кўли орқали қамалдаги Ленинград мудофаасига кўмаклашиш учун йўл олдик. Қамал жуда оғир кечди. Душман ҳар томондан қуршовга олган эди. Етишмовчиликлар бошлангандан сўнг оддий аҳолига 125 грамм, аскарларга 400 гарамдан нон бериладиган бўлди. Маҳаллий аҳоли билан қийинчиликларни бирга енгиб ўтдик.

Ушбу жангларда уч марта ярадор бўлдим. Натижада тилим таъм билиш, қулоғим эшитишдан қолди. Ҳарбий шифохонада бир муддат даволаниб, сўнг яна фронтга қайтдим. 1944 йил 14 январь куни қамални ёриб ўтдик ва душманнинг бир қисмини Ригага қараб суриб бордик. Кундузи дам олар, кечаси юриш қилар эдик. Ўн кунлардан сўнг генералимиз буйруғи билан яқин ҳудудда жойлашган душман қўшинига ҳужум уюштирдик. Улар ҳам қарши ҳужумга ўтди. Туни билан аёвсиз, шиддатли жанг бўлди. Анча илгарилаб кетганимиз учун ёрдам кучлари кеч етиб келди. Икки томонда ҳам катта йўқотишлар бўлди. Қўшимча куч етиб келгач, душманни яксон қилдик. Шу тариқа Ригагача бўлган жойни душман қўшинларидан озод қилдик. Айни шу кунларда фашистлар таслим бўлганини эълон қилди. Уруш томом бўлди. 

Бутун инсоният бошига келган офат ортга чекинди. Бу хабардан ҳамма хурсанд, аммо йўқотган сафдош дўстларимиздан жудолик алами кўнглимизни қуршаб олганди. Қанча-қанча жасур ўғлонлар Ватан ҳимояси учун курашиб, ғалаба учун жонини ҳам аямади...

1946 йилнинг апрель ойигача хизматда қолиб, кейин Тошкентга қайтдим. Она Ватан тупроғига қадамим тегиши билан тиз чўкиб, кўзларимга тўтиё қилдим. Видолашган яқинларим, маҳалладошларимни қайта кўрдим. Ҳамманинг юзу кўзида соғинч, шукроналик ҳисси, кўзларида қувонч ёшлари... Фронтга кетаётганимда онам тишлатган ноннинг таъмини яна бир бор туйдим... 

Муҳаммадамин Қуддусов урушдан келгач, уйдагиларининг қистови билан тезда уйланди. Темир йўлга ишга кирди. 40 йил давомида поэзд бригадири, вагон кузатувчиси бўлиб меҳнат қилди. Айни пайтда олти қиз, бир ўғил ҳамда 77 нафар невара ва эваранинг эъзозида.

– Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин, юртимиз тинч, уй-жойларимиз бир-биридан кўркам, дастурхонларимиз тўкин. Бу неъматларнинг қадрига ҳар вақт етишимиз, шукронасини қилишимиз керак, – дейди Муҳаммадамин ота Қуддусов. – Болаларим, невараларимга ҳар доим ҳалол, сидқидилдан ишла, дейман. Сабаби, ҳалол касб қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Узоқ умр кўришнинг сири ҳам шунда. Фарзандларга энг катта тарбия – ота-онанинг ўзи ўрнак бўлишидир. 

Алҳамдулиллоҳ, 94 ёшдаман. Суягим енгил, ғайратим сўнмаган. Аёлим Наимахон билан қўша қариб, умргузаронлик қиляпмиз. Ҳукуматимиз, халқимизнинг доимий эътиборидамиз. Кунора қўшнилар хабар олади, маҳалла фаоллари ҳол сўрайди, ҳамшира қизларим соғлигимизга ғамхўр. 

Ўтган йили Президентимиз Шавкат Мирзиёев 73 нафар уруш фахрийсини ҳамроҳи билан Ҳаж зиёратига юборгани, айниқса, кўнглимизни тоғдек кўтарди. Кексалар учун бундан улуғ мукофот, бундан улуғ рағбат бўлмайди. Муқаддас зиёратга ўғлим билан бирга бордим. У ерда жамоат билан Ватанимиз тинчлиги, халқимиз ободлигини сўраб дуо қилдик. 

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Мулла Қосим домла” жомеъ масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ Орифзоданинг айтишича, Муҳаммадамин ота “Пошшо боғ” маҳалласи фаолларидан, жамоат намозларида ҳозир. Ҳар вақт ёшларга она Ватанни муқаддас билиш, тинчликнинг қадрига етиш кераклиги ҳақида насиҳатлар қилади. Айниқса, тўқликка шўхлик қилиб юрган, доим нолийдиган ёшларга ҳаётий мисоллар орқали ҳақиқий қийинчилик нима эканини тушунтиради. Ҳаётга енгил-елпи қарамасликка, бор-куч ғайрати билан эл-юртга хизмат қилишга даъват этади. 

– Телевизор томоша қиламан, радио эшитаман, газета ўқийман, – дейди Муҳаммадамин ота. – Ҳозир ҳам дунёнинг турли бурчакларида уруш олови аланга олиб ётибди. Ўзбекистон тинчликпарвар сиёсат олиб бораётганидан қувонаман. 

Мамлакатимиздаги эзгу ислоҳотлардан одамларимиз хурсанд, қўшни мамлакатлар ҳам биздан андоза оляпти. Илоҳо, бошлаган хайрли ишларимиз давомли, Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги абадий бўлсин. 

Баҳриддин Хушбоқов ёзиб олди.

ЎзА
4 277