ЎзА Ўзбек

16.08.2018 07:00 Чоп этиш версияси

Муҳаммад Хоразмшоҳ самани

Муҳаммад Хоразмшоҳ самани
"Қани энди битта тулпорим бўлса, чодирим атрофида ўтлаб юрса..."

Хоразмшоҳ Султон Алоуддин Муҳаммад ибн Такиш сўнгги кунларида ана шундай ният қилган эди. Умри эгар устида ўтган, қўл остига тўрт юз шаҳарни бирлаштирган буюк тождор кун келиб бир арғумоққа зор бўлиб қолганмикан, дейишингиз табиий.

Аслида ҳам шундай бўлган эди.

Муаррихларнинг ёзишича, Чингизхондай улкан рақибдан икки баробар устунликка эга бўлган, битта амри билан минг-минг суворийни жам қила олган саркарда қалтис ва аянчли хатоси сабаб қисқа вақтда бор-будидан, тожу тахтидан айрилади.Мўру малаҳдай ёпирилиб келаётган мўғуллар қувғинидан қочиб, умрининг поёнида ҳали у-ҳали бу қалъада ҳукмдорлик қилиб, алал оқибат Қулзум денгизидаги кичик бир оролдан қўним топади.

Тарих ва тақдир битиги аянчли эди.

4cdfbb86ce587708cecfaad643041920.jpg

Шавкатли ануштегинийлар сулоласининг шонли ўтмиши Каспий қаърига чўкмоқда эди. Ўрта аср тарихчилари “Турон қоплони” дея эътироф этган Султон Жалолиддин Мангубердини айтмаса, қудратли хоразмшоҳлардан тотор кофирларига бас кела оладиган довюрак қўмондон йўқ эди. Салтанат тизгини қўлдан кетиб, барча хатолари кўз олдидан ўтаётган кезларда Султон Алоуддин Муҳаммад кўнгил куюкларининг заҳарбосдисига бир арғумоқ тилаган бўлса не ажаб?!

Мулозимларидан Малик Тожиддин Ҳасан тилагини бажо келтиради. Бир кун ўтиб ёл-қуйруғи қора саман от тортиқ қилади. Ўша кезлар султон нечоғлик ва қай даражада хурсанд бўлганлиги бизга ноаён. Англаганимиз шуки, қудрат шоҳсупасига эгар устида кўтарилиб борган тождор учун от куч ва ғалаба рамзи бўлган. Бепоён Турон даштларини ларзага солиб кишнаётган арғумоқлар тимсолида ғалабали онлар шукуҳини туйган бўлса, ажабмас. Балки отсиз қолган кунларидан мулзам бўлиб, бахтиёр подшоҳ учун бебаҳо арғумоқ муносиб, дея ўлими олдидан тулпор тилагандир...

emir-timur.jpg

Нима бўлганда ҳам, Султон Алоуддин Муҳаммаднинг умри ана шундай интиҳо топади. Милодий 1220 йил Абескун оролида мулозими тортиқ қилган саман от билан видолашиб оламдан ўтади. Тарихчиларнинг ёзишича, саройи отхонасида доимий ўттиз мингдан олтмиш минггача жангчи арғумоқ сақлаган, манаман деган ноёб тулпорлар эгарига ярашиб турган султон отсиз қолганидан ўксинади.

Ўзбек йилқичилиги тарихини тадқиқ қилаётиб, Султон Муҳаммад ҳаётининг ана шу сюжети эътиборимни тортди. Негаки, султоннинг ўксиклари негизида яна бир ҳақиқат бўй кўрсатиб турарди. Яъни, йилқига яқин бўлган, отни, от илмини пухта билган, қадрлаган синчининг нафаси сезиларди бунда... 

1503421582_swtbmquhlzrzu3mk4vnwkblwlymlrjc4.jpg

Демакки, Хоразм йилқичилиги ўтмиши аншутегинийлар даври ва ундан ҳам илгарироққа боради, деган гипотеза ўзини оқлайди.

PS: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида тайёрланди.

Анвар Суюнов,
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти 
федерацияси матбуот котиби

ЎзА
9 618