ЎзА Ўзбек

19.08.2020 Чоп этиш версияси

Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишони зарб қилинди

Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишони зарб қилинди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида мажмуада ҳайкали ўрнатилган адиблар ҳаёти ва ижоди, бой маънавий меросини олий таълим муассасалари томонидан кенг ўрганиш билан биргаликда, жамоатчилик, халқимиз, келгуси авлодга етказиш каби масъулиятли ва шарафли вазифаларни белгилаб берганди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси томонидан шу масъулиятли ва шарафли вазифани амалга ошириш борасида янги инновацион лойиҳа амалга оширилди. Яъни Муҳаммад Амминхўжа Муқимий кўкрак нишони таъсис этилиб, дастлабки нусхалари чиқарилди.

Мазкур кўкрак нишонини таъсис этишдан асосий мақсад Муҳаммад Аминхўжа Муқимий адабий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш борасида университет ва бошқа олий таълим муассасаларининг иқтидорли, фаол, билимли ва ватанпарвар талабаларини моддий-маънавий рағбатлантиришдир.

photo_2020-08-19_12-33-41.jpg

Кўкрак нишони кимларга берилади ва у қандай имтиёзлар беради?

Ушбу кўкрак нишони Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг бой маънавий-адабий меросини кенг ўрганган, ушбу билим ва кўникмаларни жамоатчиликка ва келгуси авлодга етказиш бўйича “Энг яхши шеърий асар”, “Энг яхши бадиий асар”, “Энг яхши аннимацион асар”, “Энг яхши сценарий муаллифи”, “Энг яхши интернетдаги платморма муаллифи” каби танловлар ғолибларига берилади. Асосийси, махсус гувоҳнома ва миқдори 1 миллиондан кам бўлмаган 10 ойлик стипендия тўлаб берилиши белгиланган.

Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг кўкрак нишони ва махсус гувоҳномасига сазовор бўлган талаба Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг магистратура босқичига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинади. У университет тарихи музейида фахрли иқтидорли талабалар сафига киритилади.

Шунингдек, университет жамоаси ва ҳамкор ташкилотлардан Муҳаммад Аминхўжа Муқимийнинг адабий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олимлар, шоиру ёзувчилар, муқимийшунослар, мутасаддилар ҳам ушбу кўкрак нишони билан тақдирланиши белгиланган.

Муҳаммад Аминхўжа Муқимий кўкрак нишонининг айлана асосий қисми 34 мм, латун Л60 материали ишлатилган. Кўкрак нишонининг олд қисми айланаси атрофида “Muhamad Aminxo’ja Muqimiy” ва туғилган санаси: (1850-1903) деб ёзилган ва айлана ўрта қисмида миллий дўппида камтарона Муқимийнинг манбаларда расмий тан олинган сурати гавдаланган. Кўкрак нишонининг орқа томонидаги айланаси атрофида “Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti”, айлананинг ўрта қисмида маърифат белгиси бўлган китоб, университетнинг катта ҳарфларда қисқартирма ТДИУ номи ва пастида 2020 ёзуви келтирилган.

Кўкрак нишонининг тақиш қисмига М 1:1 замонавий ҳажмда латун Л60 материали, тинчлик, эзгулик, борлиқ ва яшариш ранги бўлган яшил рангли мато ишлатилган.

Азизбек АМОНОВ,
ТДИУ масъул ходими

5 310
ЎзА