ЎзА Ўзбек

13.06.2018 19:49 Чоп этиш версияси

Муқаддас қадамжолар обод бўлмоқда

Муқаддас қадамжолар обод бўлмоқда
Сурхондарё вилоятида ҳам Рамазон ҳайитини тинч ва кўтаринки руҳда муносиб нишонлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Шу мақсадда байрамни тартибли, халқимизнинг миллий-диний қадриятларига мос ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Президентимизнинг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этган Рамазон ойи одамларни яхшиликка, бағрикенглик ва хайр-саховатга, ҳозирги осуда ва обод ҳаётнинг қадрига етишга ундаб, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзига хос ўрин тутмоқда.

3.jpg

Халқимиз ушбу муқаддас ойда динимиз арконларини бекаму-кўст адо этиши баробарида эҳтиёжманд оилаларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, жойлардаги масжидлар, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни обод қилиш, саранжом-саришталикка алоҳида эътибор қаратаётгани бунга яққол далилдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Шеробод туманидаги буюк муҳаддис Исо Термизий хоки мангу қўним топган гўша обод, кўркам масканга айлантирилди. Мажмуа тубдан реконструкция қилинди, янги масжид барпо этилди. Улуғ айём куни эрта тонгдан бу ерда мўмин-мусулмонлар Рамазон ҳайити намозини адо этади. Шунингдек, дам олиш кунларидан фойдаланган юртдошларимиз бу масканни зиёрат қилиб, руҳий-маънавий қувват олишга ошиқади. Халқимизнинг ана шундай эзгу мақсадларига мос равишда мажмуа атрофида кенг кўламли ободонлаштириш юмушлари бажарилди. Анвойи гуллар экилиб, дарахтларга шакл берилди. Ариқлар тозаланиб, ҳудуддаги қабристон тартибга келтирилди.

6.jpg

Термиз шаҳридаги Ҳаким Термизий мажмуасида ҳам байрамолди ободонлаштириш ишлари якунланмоқда. 10 гектар майдондан иборат мажмуада 37 ишчи дарахтларга шакл бериш, турли анвойи гулларни парваришлаш, йўлакчаларни тозалаш каби юмушларни сифатли амалга оширмоқда.

10.jpg

– Байрам кунларида улуғ аллома хоки мангу қўним топган бу гўша зиёратчилар билан янада гавжум бўлади, – дейди Ал-Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуаси ишчиси У.Йўлдошев. – Айниқса, бу йил муборак Рамазон ҳайити шарофати билан дам олиш кунлари узайтирилгани зиёратчилар сафини янада кенгайтиради. Қилинаётган ободонлаштириш ишлари ҳайит кунлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келадиган меҳмонлар бу ердаги озодалик ва орасталикдан диллари шод бўлиб, кафияти янада кўтарилади. Бу буюк аждодларимиз ва улуғ қадриятларимиз билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлайди.

Маълумотларга кўра, Термиз туманидаги Султон Саодат ёдгорлиги, Олтинсой туманидаги Сўфи Оллоёр, Жарқўрғон туманидаги Самандар Термизий каби зиёратгоҳларда ҳам ободонлаштириш ишлари юқори савияда ташкил этилган. 

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
6 509