ЎзА Ўзбек

14.08.2018 10:55 Чоп этиш версияси

МТМ ошхонаси ва ошпазларига қандай талаблар қўйилди?

МТМ ошхонаси ва ошпазларига қандай талаблар қўйилди?

Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ошпазлар уюшмаси ҳамкорлигида “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” ва “Йилнинг энг намунали ошхонаси” кўрик-танловларининг мамлакат босқичи ўтказилди.

03.jpg

Тарбияланувчиларни соғлом ва сифатли овқатлантиришни кенг тарғиб этиш, мактабгача таълим муассасалари ошпазларининг ижодкорлигини жонлантириш мақсадида ташкил этилган танловнинг мамлакат босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ғолиб бўлган мактабгача таълим муассасаларининг ошпазлари иштирок этди.

04.jpg

– Танловнинг мамлакат босқичида иштирокчиларимиз таом тайёрлаш технологияси, меъёрлари ҳамда тарбияланувчилар саломатлиги таъсирига оид тест саволлари орқали назарий билимларини намоён этди, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов. – Кейинги босқичларда эса болалар учун ичимликлар, нонушта ҳамда тушлик учун таомлар, ширин кулчаларни турли хил усулларда тайёрлаб, ҳайъат аъзоларига баҳолаш учун тақдим этди. Таом тайёрлаш ва тақдимот учун иштирокчиларга 120 дақиқа ажратилди.

“Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” танлови бўйича биринчи ўринга Фарғона шаҳридаги 52-мактабгача таълим муассасаси ошпази Аҳлиддин Ғуломов муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 359-мактабгача таълим муассасаси ошпази Ўғилой Муҳаммадсолиева банд қилди. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги 4-МТМ ошпази Муҳайё Бегматова учинчи ўрин билан тақдирланди.

“Йилнинг энг намунали ошхонаси” танлови бўйича эса биринчи ўрин Жиззах вилояти Зомин туманидаги 9-мактабгача таълим муассасаси ошхонасига берилди. Иккинчи ўрин Самарқанд шаҳридаги 98-мактабгача таълим муассасаси ошхонасига насиб этди. Учинчи ўринни Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги 3-мактабгача таълим муассасаси ошхонаси эгаллади.

Ғолиблар диплом, сертификат ва совғалар билан тақдирланди.

Икром Аввалбоев, ЎзА
5 740