ЎзА Ўзбек

26.07.2018 18:07 Чоп этиш версияси

"МРТ" ташхиси марказнинг ўзида ўтказилади

Самарқанд вилояти ногиронлар реабилитация марказига Хитой Халқ Республикасининг беғараз ёрдами доирасида 1 миллион 239 минг долларлик замонавий тиббий ва диагностика асбоб-ускуналари келтирилди.

150 ўринли марказда асосан ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий, ижтимоий, касбий ва психологик ёрдам кўрсатилади. Бу ерда ҳар йили ўртача 1700 нафардан ортиқ ногирон реабилитациядан ўтади. Давлатимиз томонидан мазкур соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли кейинги йилларда марказ моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 75 ўринли ҳар томонлама қулай бино бунёд этилди. Хорижда ишлаб чиқарилган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Марказ ходимларининг чет давлатлардаги етакчи тиббий муассасаларда малака ошириши мунтазам йўлга қўйилди.

– Кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматни бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш мақсадида кейинги уч йилда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда ҳомийлар ва чет эл грантлари ҳисобидан марказга энг сўнгги русумдаги 20 га яқин турдаги тиббий аппаратлар келтирилди, – дейди Самарқанд вилояти ногиронлар реабилитация маркази директори Д.Жуманиёзов. – Бунинг натижасида умуртқа поғонасининг ҳар хил этиологияли емирилиш касалликларини даволаш учун вертебропластика жарроҳлик амалиёти йўлга қўйилди. Йирик бўғимларда жарроҳлик амалиётини ёпиқ усулда ўтказиш имконияти яратилди. Бугунги кунда марказнинг физиотерапия бўлими энг охирги русумдаги физиотерапевтик ускуналар билан жиҳозланган. Жорий йилда эса геронтология бўлими очилиб, кексалар ва ногиронларга юқори самарали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Хитой Халқ Республикаси гранти асосида келтирилган диагностика, лаборатория, жарроҳлик ускуналари, ортопедик кроват ва бошқа жиҳозлар эса бу борадаги имкониятларимизни янада кенгайтиради. Энди марказимизда замонавий "МРТ" ва рентген аппаратларининг бўлиши беморларга шу ернинг ўзида аниқ ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради.

Дарвоқе, Президентимизнинг жорий йил 20 июндаги “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра ушбу марказнинг эски биноси ўрнида янги бино қуриш, муассаса моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш белигиланган.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 084