ЎзА Ўзбек

13.06.2019 10:11 Чоп этиш версияси

Москва давлат халқаро муносабатлар институти Тошкент филиали ҳужжатлар қабул қилишни бошлайди

Москва давлат халқаро муносабатлар институти Тошкент филиали ҳужжатлар қабул қилишни бошлайди

Жорий йил 15 июндан Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МДХМИ) Тошкент филиали абитуриентлардан бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича ҳужжатлар қабул қилишни бошлайди.

Ушбу олий ўқув юртида таълим олишга қарор қилган ўғил-қизлар 15 июндан 1 июлгача бакалавриатнинг “Бизнес-информатика” йўналиши, 15 июндан 20 июлга қадар эса магистратуранинг “Ҳуқуқ” ва “Бизнес-информатика” йўналишига ҳужжатлар топшириши мумкин.

Бакалавриат талабалари рус ва хорижий (инглиз, француз ёки немис) тиллар ҳамда математика фанларидан кириш имтиҳонлари топширади.

Магистр йўналишидаги номзодлар эса портфолио (ҳужжатлар тўплами) танловидан ўтади ва иншо ёзади.

2019-2020 ўқув йилида таълим учун тўловни амалга ошириш шарти билан ҳар бир йўналиш бўйича жойлар сони 25 та этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Россия олий ўқув юрти ўртасида МДХМИнинг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат ўтган йил октябрь ойида Тошкентда илк бор ўтган Ўзбекистон – Россия таълим форуми доирасида имзоланган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрида МДХМИ филиали фаолиятини ташкил этиш бўйича қарори 2019 йил 11 февраль куни қабул қилинди.

ЎзА
2 585