ЎзА Ўзбек

14.09.2018 17:50 Чоп этиш версияси

Монреаль протоколи атмосферани хавфдан сақлай оладими?

Монреаль протоколи атмосферани хавфдан сақлай оладими? Ўзбекистон экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан Тошкент Гидрометеорология касб-ҳунар коллежида “Озон – атмосфера ҳимоячиси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, ўқувчи-ёшлар иштирок этди..

1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенциясининг қабул қилиниши озон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг аниқ механизмига асос солди. Мазкур конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, уни емирувчи бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинуви каби мақсадлар кўзланган.

Тадбирда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи аъзолари томонидан озон қатламини сақлаш ва муҳофаза қилишга доир “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи талабларини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан маълумот берилди.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур протокол талабларини амалга ошириш механизмини ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш зарур. Шунингдек, бугунги кунда экотизимларни сақлаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш, мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга жамоатчилик эътиборини қаратиш ҳам ғоят долзарбдир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
2 424