ЎзА Ўзбек

26.11.2018 14:45:14 Чоп этиш версияси

Монетар сиёсатнинг уч йиллик йўналиши


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки биносида банк бошқарувининг очиқ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда монетар сиёсатнинг 2019-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Тадбирда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг муҳим вазифалари сифатида инфляция даражасини пасайтириш ва инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун асос яратиш, шу жумладан, пул-кредит сиёсати инструментлари ва трансмиссион механизмларини ривожлантириш чоралари муҳим вазифалардан экани таъкидланди.

Йиғилишда асосий йўналишлар келгуси уч йиллик давр учун ишлаб чиқилиб, унда иқтисодиётнинг ривожланиши сценарийлар асосида кўриб чиқилди. Унга кўра, келгуси йилларда иқтисодий ривожланиш тенденцияларининг давом этиши ва ташқи шароитларнинг сезиларли даражада ўзгармаслиги ҳамда солиқ соҳасида ва таркибий ислоҳотлар борасида босқичма-босқич кутилган натижаларга эришиш назарда тутилган.

Иқтисодиёт ривожланишининг асосий сценарийсига асосан ЯИМ ўсиш суръати жорий йил якунига кўра, 5,2 фоиз, келаси йилда эса 5,4 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда. Йиллик инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари жорий йилда 16-17 фоизни, келаси йилда 13,5-15,5 фоизни ва 2020 йилда 10-12 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. 2021 йилдан бошлаб йиллик инфляция даражаси бир хонали кўрсаткичгача пасайиши мумкин.

Бундан ташқари, сценарийда солиқ ислоҳотларининг самарали амалга оширилиши, “бюджет қоидаси”нинг амалиётга жорий этилиши, фискал ва монетар сиёсатларнинг мувофиқлигини такомиллаштириш ҳамда иқтисодиётни кредитлаш ҳажми ўсиш суръатларининг мақбуллаштирилиши (2019 йилда 25 фоиз) кўзда тутилган.

Муқобил сценарийда эса, ташқи ва ички шароитларнинг ёмонлашуви ҳамда таркибий ислоҳотларнинг кутилган натижа бермаслиги ҳисобига 2019 йилда инфляция даражасининг 17-18 фоизгача ўсиши кутилмоқда.

Иккала сценарийда ҳам Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда эҳтиёткорона ёндашувдан фойдаланиб, пул-кредит шароитларини бир маромда қатъийлаштириб боришни кўзда тутмоқда. Бунда, муқобил сценарийда янада қатъийроқ чоралардан фойдаланилади. Асосий йўналишлар бошқарувнинг очиқ йиғилишида билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тўлдирилиб, тўлиқ шакли Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.