ЎзА Ўзбек

31.07.2018 21:25 Чоп этиш версияси

Молиявий назоратнинг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, олимлар, экспертлар ва мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда депутатлар Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2017 йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг 30-банди ижросини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини тайёрлашни жадаллаштириш ва қабул қилиш вақти келганлигини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасида бюджет жараёнининг ҳар бир босқичида ташқи ва ички молиявий назоратнинг вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, бюджет тизими ва бошқа молиявий маблағларнинг мақсадли сарфланишини ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш, давлат мулки бўлган ташкилотларда тўлақонли молиявий назоратни амалга ошириш, соҳада суиистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш, масофавий назоратни кенг кўламда қўллаш борасида замонавий ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, давлат молиявий назоратининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашга қаратилган қоида ва нормалар акс этиши зарурлиги алоҳида эътироф этилди.

Муҳокамалар якунида кун тартибидаги масала юзасидан Қўмитанинг тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди.

Инобат Аҳатова, ЎзА
2 509