ЎзА Ўзбек

16.02.2020 Чоп этиш версияси

Мобил автобус бугун Ўртачўл массивида

Мобил автобус бугун Ўртачўл массивида

Эрта тонгдан Қизилтепа туманидаги Ўрта чўл ҳудуди аҳолисига сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун йўлга чиққан мобил автобус аҳоли учун қулай имконият яратди.

Чўл ҳудудида яшашнинг ўзига яраша ноқулай жиҳатлари кўп. Аммо, чорвачилик, деҳқончилик билан кун кечирадиган аҳоли учун кенг яйлов ва далалардан қулай ҳудуд йўқ. Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги Ўрта чўл ҳудуди анча машҳур. Бу ерда одамлар чўл шароитида пахта ва ғалла етиштириб, чорвачиликда қорамол боқиб, турмуши фаровонлигини таъминлайдилар. Суриштирганимизда “Ўртачўл”да яшовчи оилаларнинг орасида кам таъминлангани йўқ.

“Янги ҳаёт” массивида “Чайдароз”, “Зарбдор”, “Янгиқудуқ”, “Янги турмуш”, “Янги ҳаёт” қишлоқларида 296 та хонадон, 347 та оила, 1318 аҳоли сони мавжуд. Дала шийпонларида вақтинча яшовчи аҳоли билан Ўртачўлда 2000 нафардан ортиқ одам истиқомат қилади. Ҳудуд чўлда жойлашган бўлсада, 2 та қишлоққа табиий газ қувурлари ўтказилган. Қолган қишлоқларга суюлтирилган газ балонлари етказиб берилади. Қишлоқда 180 ўринли мактаб, қишлоқ врачлик пункти мавжуд.

photo_2020-02-16_09-23-28.jpg

Бежизга бу манзилга мобил автобус йўл олмади, — дейди, Қизилтепа тумани Давлат хизматлари маркази директори Шахоб Ҳайдаров. — Халқнинг давлат хизмати бўлган эҳтиёжи ўрганилди. Туман марказидан 45-50 километрда жойлашган Ўртачўлда Қизилтепа тумани Давлат хизматлари маркази мутахассислари мобил офисда ҳар бир қишлоқ ҳудудида тизим фаолияти юзасидан ҳуқуқий тушунчалар бердилар ва давлат хизмати кўрсатдилар. Жойида аҳолининг бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари ҳам ёзиб олинди. Мазкур сайёр хизмат кун давомида амалга оширилди. Фуқароларга 48 та давлат хизмати кўрсатилди. 2 та оилавий корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.

“Янги ҳаёт” маҳалласи раиси Матлуба Норованинг таъкидлашича, аҳолининг ечимини кутаётган муаммолари ҳам йўқ эмас. Бугун мазкур ҳудудда болалар боғчаси йўқ, ҳатто уй боғчалари ҳам мавжуд эмас, ўтган асрнинг 80 йилларида асфальтланган йўл муаммоси бор. Алоқа тизими йўқ, Ўртачўлда ҳеч йўқса бирор бир компаниянинг станцияси ўз қурилмасини ўрнатса мақсадга мувофиқ бўларди.

Мурожаатларда аҳолининг асосий муаммоси уй-жой, мулк ва турар жойларни кадастри хусусида бўлди.

photo_2020-02-16_09-23-29.jpg

9 162
ЎзА