ЎзА Ўзбек

27.05.2020 Чоп этиш версияси

Миздакхан эмас, балки Маздаҳхандир…

Миздакхан эмас, балки Маздаҳхандир…

Академик Жуманазар Базарбаев Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Миздакхан тарихий эсдалик мажмуасига оид қарашларни қайта кўриб чиқиш зарур деб ҳисоблайди. Унга кўра, ўтган асрда тарихимиз ҳаддан зиёд кичрайтирилиб юборилган, яъни қадимий тарихимиз анча ўзгартирилган. Шулардан бир мисол зардуштийларнинг худоси Маздаҳнинг ҳурматига қурилган Миздакхан мажмуасидир.

Қуйида академикнинг бу борадаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Кечаги тоталитаризм даврида бизнинг зиёлиларимиз хоҳ тўғри бўлсин, хоҳ нотўғри бўлсин Ғарбдан, биринчи навбатда Россиядан намуна олишга, уларга суянишга, уларнинг гапига тўғри келадиган фикрларни билдиришга ҳаракат қилди. Улар фикрларнинг маъносини суриштириб, текшириб ёки унга гумон қилиб ўтирмай, бирданига қўллаб-қувватлашга одатланиб қолди. Нотўғри фикр бўлса ҳам “йўқ унақа эмас, бунақа бўлиши керак” дейишга журъат қила олмасди. 

Мабодо журъат этиб ҳақиқат гапни айтса ҳам у инобатга олинмас эди. Айтган олим эса бадарға қилинарди. Шу боис тарих кўр зўравонликка учради, – дейди академик Жуманазар Базарбаев. – Масалан, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида Миздакхан деб номланувчи бетакрор тарихий эсдалик мажмуаси бор. Мажмуага Назлимхан сулув мақбараси ҳам киради ва бу ёдгорлик ҳозирда ҳудуддаги энг таниқли сайёҳлик масканларидан саналади.

Академикнинг таъкидлашича, ушбу “Миздакхан” атамаси аслида зардуштийлар худоси Маздаҳнинг номи билан боғлиқ. Лекин, уни биз билмаймиз. Чунки, ўтган аср бошларида рус олимлари ўзгартириб юборган. “Миздакхан” номини илк бор фанга киритган Бартольд экан. У шарқшунослик фанларининг таниқли олими сифатида ҳеч қандай далилсиз шу номни эълон қилган. Буни 1928-1929 йилларда биринчи бўлиб эсдаликни тадқиқ қилган А.Ю.Якубовский ва ундан кейин бошқа олимлар ҳам қабул қилган.

photo_2020-05-27_23-22-08.jpg

Миздакхан эсдалигининг ёши кичирайтирилиши ҳам академик Бартольднинг номи билан боғлиқ.

Қорақалпоғистонда археологик эсдаликларни тадқиқ қилиш 1928-1929 йилларида бошланди. Илмий экспедицияга Санкт-Петербург университети олимлари раҳбарлик қилди, жумладан академик Бартольд ҳам араб-форс ёзма манбаларига асосланиб, Миздакхан эсдалиги, жумладан мажмуадаги Назлимхан сулув мақбараси ўрта асрларда пайдо бўлган, дея таъриф берган.

Лекин, таниқли тарихчи А.Ю.Якубовскийнинг “Миздакхан мажмуаси қадимий даврларга тегишли маданий қатламларга эга ва унда зардуштлик эсдаликларининг мавжудлиги оссуарий топилмалари билан исботланди” деган фикри ҳисобга олинмади ва унинг зардуштийлик динининг марказига қурилган Мазда худосига алоқадорлиги сезилмай, ўрта асрда пайдо бўлган эсдалик бўлиб қолган. Ҳайрон қоладиган жойи, “Миздакхан” сўзи нимани англатишига ҳеч ким эътибор бермаган.

Бартольднинг фикрларидан келиб чиқиб, А.Ю.Якубовский, Б.Н.Засыпкин, В.Н.Ягодин, Т.А.Пугаченковалар бино (Назлимхан сулув мақбараси) XIV асрнинг биринчи ярмига тегишли, деди. Тарихчи олим Х.Есбергенов эса эсдаликнинг қурилган вақти IX-XI асрга тегишли деб кўрсатди.

Лекин, Миздакхан мажмуасига кирадиган Гауир қалъа милоддан аввалги IV асрда қурилган ва милодий XIII асргача у ерда ҳаёт гуллаб-яшнаган. Таниқли араб географи ал-Мақдусий 985 йилда шу ердан ўтганда “Миздакхан ўзининг катталиги бўйича Қат, Гурганж каби Хоразм давлатида учинчи шаҳар” деган. Демак, Миздакхан X асрдаёқ катта шаҳар бўлган бўлса, нега унинг ёши кичирайтирилиб кўрсатилган, деган савол туғилади.

photo_2020-05-27_23-22-19.jpg

Энди Маздаҳнинг номи нима учун Миздакханга айланиб кетган, шунга эътибор берайлик.

Буни тушуниш учун биз авваламбор зардуштийликнинг бош худоси Ахура Маздаҳ сўзига диққат қаратайлик. “Ахура” сўзи пахлевий тилида “сардор”, “жаноб” маъноларини англатар экан. “Авесто” китобини пахлевий тилидан таржима қилганлар уни “худо” деб олиб, унга “Маздаҳ” сўзини қўшган ва “Худо Мазда”, яъни Ахура Маздаҳ деб келтирган. “Авесто”нинг асл нусхасида унинг ёзилиши “Ахрух Маздаҳ” деб кўрсатилган. Шунингдек, ўрта аср араб-форс ёзма манбаларида ҳам Маздаҳқан деб ёзилган. Масалан, Ибн Русте ҳам, Истаҳр ҳам, Мандиш ҳам, форс тилидаги “Ҳудуз ал-амал” номли асарда ҳам қалъанинг номи Миздакхан эмас, балки, Маздаҳқан деб берилган.

Шунингдек, машҳур рус археологи С.П.Толстов Жанубий Орол бўйларида зардушт даврларига оид бўлган аксарият қишлоқ ва шаҳарларнинг, сув тўғонларининг номлари Маздаҳ билан боғлик, деб кўрсатади.

Миздакхан сўзининг пайдо бўлишига даврларнинг таъсири бўлган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов тўғри таъкидлаганидек, “кимки юртимизга қилич билан келган бўлса, у зардуштийликнинг асосларини йўқ қилишга ҳаракат қилган”. Александр Македонскийнинг, арабларнинг, Чингизхоннинг оғир зарбаларига учрагандан сўнг Маздаҳ Миздакга ўзгаргани табиий. Миздакнинг изига туркий тиллардаги “хан” сўзининг қўшилишига туркийларнинг таъсири бўлгани шубҳасиз.

Мажмуадаги эсдаликларнинг барчаси зардуштийлик маданиятига тегишли, уни ҳеч ким инкор қилмаган. Ривоятларга кўра, мажмуадаги Жўморд қассоб Ахура Маздаҳнинг яқин қариндоши, Шамун Наби эса унинг боласи. У отаси Ахура Маздаҳнинг душмани Ахриманнинг деви билан курашади. Узоқ курашдан кейин Шамун Набининг хотини эрига хиёнат қилиб оёғининг тагига тариқ сепиб юборади, лекин шу пайтда ёрдамга ити келиб эгасини қутқаради. Ана шундан кейин халқда “ит – вафо, хотин – жафо” деган гаплар сақланиб қолган. Ит эса алоҳида ҳурматга сазовор бўлган.

photo_2020-05-27_23-22-15.jpg

Шу итнинг ҳурматига тошдан ишланган идиш ўтган асргача Шамун Наби эсдалигининг олдида турган. А.Якубовский уни 1928 йилда Эрмитаж музейига топширган.

Фольклоримизда, халқнинг урф-одатларида зардуштийликнинг излари бисёр. Маздаҳ таълимоти “яхши сўз, яхши ният, яхши амал”га қурилган.

Ҳозирги Назлимхан сулув маҳбараси аслида Ахура Маздаҳ ҳурматига қурдирилган. Унинг Назлимхан сулув деб аталиб кетиши яқин даврларга тўғри келади. Яъни, одамзоднинг муҳаббатга ҳурматидан пайдо бўлган деса ҳам бўлади. Сабаби халқ орасида Назлимхан сулув ҳақида ошиқликка оид севиб тингланадиган афсоналар кўп.

Тарихнинг кетма-кетлиги одамзот қатламларининг бирининг устига бири ямалиб боришида. Назлимхан сулув эсдалигида ҳам шу тарихий қонунийлик сезилади. Мажмуани тадқиқ қилган этнограф Х.Есбергенов бу ерда энг аввал зардуштийлар дафн қилинганини (қазиш пайтида юзга яқин оссуарийлар топилган), кейинчалик ислом дастурида дафн қилиш урф бўлганини, ҳозирда эса замонавий дафн қилиш белгилари мавжудлигини исботлади.

Тарихчиларимизнинг бу фактларни “пайқамаслигига” тарихда учрашиб турадиган “буюк” одамларнинг айтган фикрларига сўзсиз ишониши сабаб бўлган.

Демак, боболаримизнинг бизга қолдирган меросларини кўз-кўз қилиб, ҳар хил таъсирларга ишониб, ўзимизнинг фикр дунёмизнинг тор эканлигини кўрсатиш бизга хос эмас.

Маздаҳқан, Авесто – умумхалқ мерос. Икки минг йилдан ортиқ даврда бу маконга кимлар келмади, кимлар яшамади, дейсиз. Шу боис, уни бир халқнинг мероси деб кўрсатиш тарихга ҳилофдир. Бу жараён дунё тамаддунининг бир бўғинидир, унинг эгаси инсон, дунё ҳамжамиятидир. Шу маданий ва маънавий бойлик – шу заминда ҳозирда яшайдиган халқнинг насибаси ва унинг қабул қилиб олган хазинасидир. Уни аниқ айтишга тортиниш керак эмас. Шу боис, ўтган тарихчиларнинг фикрларига танқидий қараш қилиб, Миздакхан эсдалигининг зардуштийликнинг Маздаҳ худоси номига қурилган ягона эсдалик эканлигини дунёга жар солиб эълон қилишимиз зарур. Санкт-Петербургдаги Эрмитажга l928 йилда олибкетилган итнинг идишини эса қайтариб олиб келишимиз керак.

photo_2020-05-27_23-22-12.jpg

2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан эълон қилинган танловда археолог Ғ.Хожаниязов билан “Қадимий Окс дарёси қуйидаги зардуштийлик дини излари” деган мавзуда иштирок этиб грант ютиб олган эдик.

Бу тадқиқотда аввалги археологик материаллар ва ўзимизнинг этнографик изланишлар ҳамда “Авесто” китобини теранроқ ўрганишлар асосида ҳудудимизда ҳозирги даврда ҳам зардуштийлик маданияти излари аниқ кўриниб турганлигини аниқладик.

Шунда биз Хўжайлидаги Назлимхан сулув эсдалиги зардуштийликнинг Маздаҳ худоси номига қурилган бўлиши керак, деган фикрни илгари сурганмиз. Лекин, бу фикримизни ҳеч ким қўлламади ҳам, инкор ҳам қилмади. Тарихчилар эса ўрта аср эсдалиги, деган фикрда туриб олди. Шунинг учун ушбу масалани қайта кўтариб чиқмоқдамиз. Чунки, бугунги кунда тарихни янги концепция асосида ўрганишни давр талаб қиляпти. Авваллари қандайдир тузумлар таъсири остида шаклланган қарашларни ўзгартириш вақти келди. Ҳақиқий тарихни яратишга имкон туғилди.

Афсуски, ҳанузгача биз ўзимизнинг археологик эсдаликларимиздан оқилона фойдалана олмаяпмиз. Ўлкамиздаги қадимдан мавжуд эсдалик обидаларини тадқиқ қилиш бўйича 1991 йилда ЮНЕСКО раҳбарлигида ташкил қилинган экспедиция аъзолари биздаги эсдаликларни кўриб таажжубланган эди. Масалан, сенегаллик олим Диене Дуду: “Сизнинг ўлкангиз эсдаликларининг оригиналлиги ва ўзгачалиги билан мени лол қолдирди” деса, япон олими Хироси Ясуда: “Сизларнинг ота-боболарингизнинг истеъдоди ва моҳирлигининг гувоҳи бўлган ажойиб архитектуравий эсдаликларингиз мени ром этди. Шу билан бирга, уларнинг бугунги ачинарлик ҳолати қаттиқ ҳаяжонга солмоқда. Сизларнинг ҳар бир қадамингиз остида бебаҳо бойлик ётибди, лекин уни сезмайдиганга ўхшайсиз. Агар бунақа ёдгорликлар Японияда бўлганида, улар табиат таъсиридан зиёнланмаслиги учун усти бостирилиб, атрофи ўралиб қўйилган бўлар эди. Тадқиқот натижасида чиққан тупроқларни эса пулга айлантирар эди” деган.

Дунёга таниқли археолог олим С.П.Толстов: “Икки буюк дарё (Амударё ва Сирдарё) оралиғида жойлашган ҳудудни Ўрта Осиёнинг Мисри” деб атаган бўлса, белгили Франция археологи, профессор Пьер-Мерни: “Бошқа ҳудудларда қадимий қалъаларни қазиб чиқариб юрсак, сизларда улар ернинг юзасида тадқиқ қилишга тайёр турибди. Шу боис, ўлкангиз чин маънода очиқ осмон остидаги музейдир” деган.

Умуман олганда, боболаримизнинг бизга қолдирган зардуштийлик маданиятининг меросларини кундаликли турмушимизда тўла фойдаланиб, тарихий аҳамиятини исботлаб, уларни дунёга танита олмаслигимиз биз учун кечирилмас гуноҳдир.

3 762
Есимқон Қаноатов, ЎзА