Миссисипи штатида самарали мулоқотлар ташкил этилди
Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов Миссисипи штатида янгидан сайланган губернатор Тейт Ривз, штатнинг собиқ губернатори Фил Браянт ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Энди Гибсон билан учрашди.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов Миссисипи штатида янгидан сайланган губернатор Тейт Ривз, штатнинг собиқ губернатори Фил Браянт ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Энди Гибсон билан учрашди.
Учрашувга Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасидаги муносабатларнинг жорий аҳволи ва истиқболи билан танишиш мақсадида АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ҳам Тошкентдан махсус етиб келди.
Шу йилнинг январь ойида губернатор лавозимини эгаллаган Тейт Ривз Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор эканини қайд этди.
- Давлатингиз раҳбари нисбатан қисқа вақт ичида ўз халқи турмуш тарзини яхшилаш ва мамлакат обрўсини халқаро миқёсда оширишда сезиларли ва дадил қадамлар қўйди, - деди мулоқот чоғида Тейт Ривз.
Штат раҳбари унинг бошчилигидаги янги жамоа Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, шунингдек хавфсизлик соҳасидаги шериклик алоқаларини кенгайтиришда давом этишга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.
Миссисипининг собиқ губернатори Фил Браянт унинг Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик бўйича хизматлари АҚШ давлат департаменти томонидан эътироф этилганини билдирди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Энди Гибсон, ўз навбатида, аграр сектордаги ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилиш мақсадида штат Қонунчилик палатаси аъзолари ва тегишли қўмита раисининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Вазир, шунингдек Ўзбекистон томонига штатнинг етакчи паррандачилик компаниялари билан ҳам узвий алоқаларни йўлга қўйишга ёрдам беради.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасидаги муносабатлар юқори ўсиш суръатига ва кенг қамровга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил сентябрда Миссисипи Миллий гвардияси қўмондони Женсон Бойлз ҳамда ушбу штатдан сайланган конгрессмен Трент Келли бошчилигидаги штат делегацияси билан, 2019 йил май ойида эса губернатор Фил Браянт билан учрашуви икки томонлама ўзаро манфаатли алоқаларни сифат жиҳатидан янгича босқичга олиб чиқишда бурилиш нуқтаси бўлди.