ЎзА Ўзбек

22.03.2020 Чоп этиш версияси

Мирзо Улуғбек ҳақида Сиз билмаган 12 муҳим маълумот

Мирзо Улуғбек ҳақида Сиз билмаган 12 муҳим маълумот
22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун

Бобоси Соҳибқирон Амир Темур сингари Кўрагон – “хоннинг куёви” унвонига эга бўлган Мирзо Улуғбек тарихда буюк ўзбек астрономи ва математиги, давлат арбоби сифатида ном қолдирди. Унинг энг буюк иши – Самарқанд илмий мактабини, ўша давр академиясини барпо этгани бўлди. Қуйида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид айрим қизиқарли фактлар келтирилди.

УЛУҒБЕКНИНГ ТУҒИЛИШИ КЎПЛАБ ИНСОНЛАР ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛГАН

Амир Темур 1394 йилда Ироқдаги Мордин қалъасини қамал қилади. Шу вақтда Соҳибқироннинг Султониядаги қароргоҳида Улуғбек туғилади. Тарихчи Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳузурига чопар келиб Улуғбекнинг туғилгани ва мунажжимлар бу невара келажакда ҳам олим, ҳам ҳукмдор бўлишини башорат қилганлари хушхабарини етказади. Соҳибқирон хурсандлигидан Мордин қалъаси қамалини тўхтатиб, унинг халқига юкланган тўловни бекор қилади.

ЎН БЕШ ЁШЛИ УЛУҒБЕК БОБОСИ ТЕМУРНИНГ САМАРҚАНДДАГИ ТАХТИГА ЎТИРГАН

Ҳуросон ҳокими, Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳрух 1409 йилда Темурийлар давлатининг олий ҳукмдори сифатида эътироф этилгач, кўлга киритилган Мовароуннаҳрни идора этишни Туркистон вилояти билан бирга Улуғбекка топшириб, Соҳибқирон васиятини қайта тиклади. Ўсмир ёшдаги Улуғбек бу ҳудудларни дастлаб Шоҳмалик ёрдамида бошқарган бўлса, 19 ёшидан Мовароуннаҳрни мустақил идора этишга киришди. Улуғбек ўз ҳукмронлиги давомида 2 марта йирик ҳарбий юриш қилди.

ҲАРБИЙ СТРАТЕГИЯЛАРДАН МОҲИРОНА ФОЙДАЛАНГАН

Мирзо Улуғбек 1425 йили ўзининг Мўғулистонга қилган биринчи йирик ҳарбий юриши чоғида қўшин миқдори ҳақида душман нотўғри тасаввурга эга бўлиши учун ҳар бир жангчисига тунда беш ерда гулхан ёқишни амир қилган. Улуғбек қўллаган бу усул ҳарбий санъатда арғай ўт (мўғулча арға – алдаш, туркча – ўт, олов) деб номланади. У душманни чалғитиш мақсадида қўшин миқдорини бўрттириб, кўпайтириб кўрсатиш учун ишлатилади. Юриш Улуғбек ғалабаси билан тугаган.

БОБОСИ СОҲИБҚИРОН САҒАНАСИГА НЕФРИТ ҚАБРТОШ ҚЎЙДИРГАН

Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасига темурийлар сулоласига мансуб кишилар дафн этилган. Зиёратхона юқориси (тўри)да Темурнинг пири Мир Саййид Барака, унинг қабри оёқ томонига Амир Темур дафн қилинган. Темур сағанасига қўйилган кўк нефрит қабртошини Улуғбек Мўғулистонга қилган юриши вақтида олиб келган. Тошдаги лавҳада Темурни улуғлайдиган сўзлар, унинг шажараси ҳамда марсиялар ўймакори ёзувларда битилган. Кейинчалик Улуғбекнинг ўзи ҳам шу ерга дафн этилган.

БИБИХОНИМ ЖОМЕЪ МАСЖИДИГА УЛКАН ЛАВҲ ЎРНАТТИРГАН

Амир Темурнинг катта хотини Бибихоним ўзи фарзанд кўрмаган бўлса-да, Соҳибқирон ўз набиралари қатори Улуғбекни ҳам бевосита зукко Бибихоним тарбиясига топширган эди. Самарқандда Амир Темур Бибихонимга атаб қурдирган Бибихоним жомеъ масжиди мавжуд.

Масжид ҳовлиси ўртасида мармартошдан ясалган улкан лавҳ – Қуръон ўқиладиган махсус курси бўлиб, у дастлаб асосий бино ичида турган (1875 йилда катта гумбазнинг қулашидан хавфланиб, ҳовли ўртасига чиқариб қўйилган).

Лавҳ Улуғбек фармонига биноан XV аср ўрталарида ясалган. Унга “Султони азим, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ханафия мазҳабининг посбони, аслзода султон, ибни султон, амири мўъминин Улуғбек Кўрагон”, деб битилган.

СУЛТОН БЎЛСА-ДА, ТАЛАБАЛАРГА ДАРС БЕРГАН

Улуғбек Самарқандда иккита мадраса: бири Регистон ансамбли таркибида ва иккинчиси Гўри Амир ансамбли таркибида барпо этган. Бошқа йирик олимлар қаторида Улуғбекнинг ўзи ҳам бу мадрасаларнинг ҳар бирида ҳафтада бир маротаба маъруза ўқиган.

Бошқа вақтини кўпроқ астрономик кузатишларга, “Зиж” устида ишлашга ва давлат ишларига бағишлаган. Яқин йилларгача у фақат астроном ва математик деб ҳисобланарди. Лекин ХХ аср охирида унинг ижоди серқирра ўлиб, у тарих, шеърият ва мусиқа бобида ҳам қалам тебратгани аниқланди. Улуғбек шеърлар ҳам ёзган.

УЛУҒБЕКНИНГ УЛКАН ГЛОБУСИ ВА 50 МЕТРЛИ ҚУЁШ СОАТИ БЎЛГАН

XV асрда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек қурдирган расадхонада каттагина глобус бўлган. Унда иқлимларнинг чегаралари, тоғлар, чўллар, денгизлар ва дарёлар кўрсатилган. Бинобарин, дунёдаги иккинчи глобусни Самарқанд астрономлари ясашган. Улуғбекнинг ўлимидан кейин у мутаассиблар томонидан йўқотилган. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Улуғбек Самарқандда баландлиги 50 метрли қуёш соати ясаган. Ушбу ноёб соат ҳам сақланиб қолмаган.

УЛУҒБЕКНИНГ ДАСТХАТИ БИЗГАЧА ЕТИБ КЕЛГАН

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Мирзо Улуғбекнинг самарқандлик хаттот Азизулло томонидан насх хатида тахминан 1439 йилда, Улуғбек 45 ёшда бўлганида кўчирилган “Зижи Кўрагоний”си сақланмоқда. Қўлёзма саҳифаларида Улуғбекнинг тузатишлари ҳам бор. Ушбу тузатишлар унинг дастхати, ёзуви ҳақида маълумот беради.

САМАРҚАНДДА ЧИННИДАН САРОЙ ҚУРДИРГАН

XV асрнинг 40 йилларида Улуғбек Самарқанднинг Чўпонота тепалигида, Улуғбек расадхонасига яқин жойда сарой бунёд эттирган. Унинг деворлари чинни билан қоплангани учун ҳам Чиннихона деб аталган.

Улуғбек ва бошқа олимлар шу ерда самовий кузатув, илмий тадқиқотлардан сўнг ҳордиқ чиқаришган. Чиннихонанинг кўшкида рангли шишалар ишлатилган. Археологик қазишмалар жараёнида Чиннихонадан топилган тош тахтачалардан бирига “бахтли бўл” ёзуви борлиги аниқланган.

ПАДАРКУШ ЎҒИЛ ОТАСИ УМРИНИНГ ЯРМИНИ ҲАМ ЯШАЙ ОЛМАГАН

Улуғбек ўзининг ўжар, худбин ва шуҳратпараст ўғли Абдуллатифнинг розилиги билан 1449 йил 27 октябрда 55 ёшида Самарқанд яқинида қатл этилган. Отаси тахтини эгаллаган Абдуллатиф ҳам олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн Баҳодир томонидан 1450 йил 8 майда, 27 ёшида ўлдирилган.

МОВАРОУННАҲР ТАХТИ УНИНГ КУЁВИГА ҲАМ НАСИБ ЭТГАН

Улуғбек ўз укаси Иброҳим Мирзонинг кенжа ўғли Абдулло Мирзони 1448 йилда ўз хизматига олиб, 15 ёшли жиянига ўз қизини берган. Улуғбекнинг бу куёви ўғли Абдуллатиф вафотидан сўнг Улуғбек тахтини 1450–1451 йилларда бошқариб, Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳам бўлган. У 18 ёшида тож-у тахт даъвогари, 27 ёшли темурийзода Абу Саидга қарши жангда ҳалок бўлган.

УЛУҒБЕКНИНГ ХАЗИНАСИНИ УНИНГ ШОГИРДИ САҚЛАБ ҚОЛГАН

Самарқандлик олим, Мирзо Улуғбекнинг яқин шогирди Али Қушчининг отаси Амир Темур қароргоҳининг бошлиғи бўлган. Улуғбек саройида қарчиғайлар боққани учун Алини “Қушчи” дейишган. Али Қушчини Мирзо Улуғбек “Зижи Кўрагоний”нинг сўзбошисида “фарзанди аржуманд”, яъни “азиз фарзандим” деб атаган.

Улуғбек вафотидан сўнг унинг Самарқанддаги 15 минг китобдан иборат машҳур кутубхонаси хавф остида қолади. Кутубхонани “ўз даврининг Птоломейи” номини олган Али Қушчи сақлаб қолган, деган тахминлар бор. Ривоятларга қараганда кутубхонадаги китобларнинг кўп қисмини Али Қушчи Самарқанд яқинидаги Ҳазрат Башир қишлоғига кўчирган. Кўп ўтмай, таъқиблардан қочиб Самарқанддан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ

7 292
ЎзА