ЎзА Ўзбек

13.07.2018 19:56 Чоп этиш версияси

Мирзаобод туманида мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи қандай?

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 16 мактабгача таълим муассасасида 1 минг 785 нафар бола тарбияланмоқда.

Туман мактабгача таълим бўлими мудири Жаҳонгир Ёрбековнинг таъкидлашича, яқинда 2013 йилда фаолияти тўхтатиб қўйилган 4-мактабгача таълим муассасаси тубдан қайта таъмирдан чиқарилган. “Обод қишлоқ” дастури бўйича 1 давлат шерикчилиги иштирокидаги хусусий ва 1 давлат мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 2019 йилда тумандаги 8 мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади.

Туманда мактабгача таълим ёшида бўлган болалар сони салкам 9 минг нафар. Уларни тўлиқ қамраб олиш учун ўртача 170-180 ўринли яна 30-35 мактабгача таълим муассасаси бўлиши шарт. Демак, бу нафақат туман, балки вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масала.

Мавжуд мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ҳам мақтанарли даражада эмас.

– Халқ таълими тизимидан мактабгача таълим муассасаларига қолган моддий-техник база яхши эмас, – дейди Ж.Ёрбеков. –Тарбия муассасаларида ўқув қўлланмалари, зарур ускуналар, жиҳозлар, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар етишмайди. Биноларнинг атрофи махсус тўсиқлар билан ўралмаган. Болаларга таълим-тарбия бераётган 160 дан ортиқ ходимнинг бор-йўғи 16 нафари олий маълумотли, холос. Бу рақамлар соҳага олий маълумотли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам долзарб эканини кўрсатади.

Муаммолардан яна бири тумандаги 16 мактабгача таълим муассасасининг бирортаси ўз спорт залига эга эмаслигидир. Афсуски, бу каби ҳал этилиши лозим бўлган масалалар бошқа туманларда ҳам мавжуд.

Мактабгача таълим муассасалари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш энг муҳим вазифа. Зеро, мамлакат тараққиёти ва келажаги бевосита бугунги болаларнинг таълим-тарбиясига боғлиқ.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
6 317