ЎзА Ўзбек

11.02.2019 20:20 Чоп этиш версияси

Мирзачўл тажрибаси ўрганилди​

Мирзачўл тажрибаси ўрганилди​

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах вилояти кенгаши томонидан Мирзачўл туманида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини ўрганишга бағишланган вилоят намунавий ўқув-семинари ташкил этилди. 

Семинарда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари, вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди. Тадбир иштирокчилари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида Мирзачўл тумани Гагарин шаҳрида амалга оширилган ишлар билан танишди.

10.JPG

Гагарин шаҳридаги Ўзбек-қозоқ маданият марказида бошланган семинар аввалида иштирокчиларга Мирзачўл туманида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Президентимиз ташаббуси билан дастлаб Дўстлик туманининг Манас қишлоғида намуна сифатида амалга оширилган “Обод қишлоқ” дастури Мирзачўл тумани маркази – Гагарин шаҳрида янада кенг кўламда ҳаётга татбиқ этилиши натижасида қилинган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди.

5.JPG

Иштирокчилар “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Гагарин шаҳрида янги қурилган "Мирзачўл тикувчилик мажмуаси", Давлат хизматлари агентлиги Мирзачўл туман филиали, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қурилган кўп қаватли уй-жойлар, 2-мактабгача таълим муассасаси, туман марказий поликлиникаси фаолияти билан танишди. “Боғбон” ва “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинлари иш тажрибасини ўрганди.

Гагарин шаҳридаги 6 та маҳаллада ташкил этилган 13 та ширкат фаолияти, 176 та кўп қаватли уйда ва 35 та кўчада амалга оширилган таъмирлаш ишлари, ноқонуний қурилмалар ўрнида барпо этилган 94 та айвонли тандирхона, 38 та болалар майдончаси ва бошқа иншоотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

11.JPG

Айни пайтда бу ерда нафақат ижтимоий соҳа, балки иқтисодиёт, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, аҳолини иш билан таъминлашга ҳам муҳим йўналиш сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Дастур доирасида дастлаб эски уйларда яшовчи аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”, “Мирзачўл чорва комплекси”, “Мирзачўл текс” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда нон цехи, мини-маркет, ҳаммом каби объектлар ташкил этилиши туфайли ҳудудда 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Семинар иштирокчилари бундай катта бунёдкорлик ишларини амалга оширишда маҳалла оқсоқоллари, фаоллари, хотин-қизлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик билан қизиқди. Ушбу масалаларда тажриба алмашиш бўйича ўзаро мулоқотлар бўлиб ўтди.

Албатта, ўтган йили “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Мирзачўлдан бошқа ҳудудларда ҳам иш олиб борилди. Дастур асосида ҳар бир туманда 2-3 тадан, умумий ҳисобда 33 та маҳалла обод ва кўркам бўлди.

– Дастурлар доирасидаги белгиланган ишлар вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам бу каби пухта бажарилган эмас, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Жиззах вилояти кенгаши раиси биринчи ўринбосари А.Сатторов. – Ўтган йили тасдиқланган маҳаллаларнинг айримларида иш ҳалигача бошлангани йўқ. Бугунги семинардан кўзланган мақсад ҳам Дўстлик тумани Манас қишлоғи ва Мирзачўл тумани Гагарин шаҳрида орттирилган тажрибадан фойдаланиб, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда беқиёс аҳамиятга эга бўлган бу дастурларни амалга оширишни барча ҳудудларда тезлаштиришдир.

2.JPG

Давлатимиз раҳбари жорий йил 30-31 январь кунлари вилоятга ташрифи чоғида 2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенгайтирилишини таъкидлади.

Семинарда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга оширишда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда фаоллик кўрсатган маҳалла раислари Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА
4 679