ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Мирободлик шифокорларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди

Мирободлик шифокорларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди

Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги ва тиббий хизмат соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар миллат келажагига қилинаётган ғамхўрлик намунасидир. Соҳа ходимларини рағбатлантириш мақсадидаги чора-тадбирлар, жумладан, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси "Шифокорлар куни" деб белгилангани бу касб эгаларининг мавқеини улуғлаш ҳамда миллий тиббиётимизнинг янада тараққий этишига хизмат қилмоқда. Шу муносабат билан юртимизнинг барча ҳудудларида байрам тадбирлари, учрашувлар ўтказилмоқда. 

5.jpg

Пойтахтимизнинг Миробод туман ҳокимлиги томонидан ҳам туманда фаолият юритаётган тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида байрам кечаси ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими Ш.Пўлатов қатнашиб, соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади, уларга совғалар улашди.

Туманда 1 тиббиёт бирлашмаси, 3 оилавий поликлиника ва 1 болалар стоматология поликлиникаси, 5-сон сил касалликлари диспансери, 2 туғруқ комплекси, шаҳар 3-сон клиник шифохонаси, шаҳар руҳий касалликлар шифохонаси ва Болалар руҳий асаб касалликлари марказлари фаолият кўрсатмоқда. 

10.jpg

– Мазкур муассасаларда фертил ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга, болалар, шунингдек, ўзгалар ёрдами ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касалликка чалинган ва бошқа шахслар ўртасида патронаж ишлари олиб борилиши самарали йўлга қўйилган, – деди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Нигора Раззоқова. – Республика тасарруфидаги клиник шифохоналар ҳамда марказларга имтиёзли ордерлар бевосита туман тиббиёт бирлашмалари томонидан ажратилиши таъминланмоқда. 2019 йил 9 ой давомида имтиёзга эга аҳоли гуруҳига республика тасарруфидаги марказлар ва клиник шифохоналарга стационар шаклда даволаниш учун 433, амбулатор шароитда текширувдан ўтиш учун 304, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тасарруфидаги клиник шифохоналарга стационар шаклда даволаниш учун 601 ордер берилди. 

608
Моҳигул ҚОСИМОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА