Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 14:20 Чоп этиш версияси

Миробод туманида кам таъминланган оилаларга маиший техника жиҳозлари берилди

Миробод туманида кам таъминланган оилаларга маиший техника жиҳозлари берилди Президентимиз томонидан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришларда акс этмоқда.

Ижтимоий ҳимояталаб оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида федерация томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилашга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бугунгача мамлакатимиз бўйича 22 минг 200 хонадонга кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1 минг 200 нафар беморга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2 минг 200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, зарур амалий ёрдамларни кўрсатмоқда.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Миробод туманида ташкил этилди.

9.jpg

Тадбирда туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила вакиллари Касаба уюшмалари федерацияси томонидан кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди.

– Менга замонавий газ плита совға қилишди, тўғриси, бундан бошим осмонга етди, – дейди Заминобод маҳалласида истиқомат қилувчи Шоҳинисо Бобоева. – Уйдаги эски газ плита яроқсиз ҳолга келган эди. Вояга етмаган ўғил-қизим бор. Касаба уюшма вакиллари, маҳалламиз фаоллари хонадонимизга келиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволимизни ўрганди. Президентимиздан мингдан-минг розимиз. Бизга кўрсатилаётган жуда катта эътибор ва ғамхўрликдан хурсандмиз.

Таъкидлаш лозимки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда федерация томонидан 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойлари таъмирлаб берилмоқда. 1 минг 221 нафар кам таъминланган оила эса маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Бундан ташқари, 70 нафарга яқин беморга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилмоқда. Шунингдек, 22 нафар уй-жойга муҳтож фуқарони турар жой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари тумандаги Сарикўл маҳалласида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалардан бири – Юсуф Обидов хонадонида бўлиб, ушбу оилага ҳам замонавий газ плитаси топширилди.

Нурилло Насриев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
13 882