ЎзА Ўзбек

15.03.2019 12:32 Чоп этиш версияси

Миробод маҳаллаларида баҳор байрамига тайёргарлик авжида

Миробод маҳаллаларида баҳор байрамига тайёргарлик авжида

Пойтахтимизнинг Миробод туманида Наврўз байрами арафасида бошланган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида маҳалла, кўча ва хиёбонлар, муқаддас қадамжоларда ҳашарлар уюштирилиб, теварак-атроф тартибга келтирилмоқда.

Ҳудудда 39 маҳалла фуқаролар йиғини, 27 мактабгача таълим муассасаси, 17 умумтаълим мактаби, 10 академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, 6 олий ўқув юрти бўлиб, барчасида байрам муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Туманда “Яшил ташаббус” акцияси доирасида оммавий ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Каттаю кичик барча турли гул ва дарахт кўчатлари экишда фаол қатнашди. Тадбир доирасида жойларда спортчилар, элимиз ардоғидаги ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар ўтказилди. Кексалар, ёлғиз қариялар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳолидан хабар олинди.

”Миробод деҳқон бозори” ҳудудида ўтказилган “Наshar weек” акциясида фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Наврўз байрамида аҳоли гавжум бўладиган жойларда лола сайли, сумалак ва ҳалим пишириш, халқ ўйинлари мусобақаларини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу шодиёналарда нафақат туман аҳолиси, балки пойтахтимиз меҳмонлари ва сайёҳлар баҳор байрами – Наврўзни кўтаринки рухда кутиб олишига алоҳида эътибор қаратилади.

Шу кунларда тумандаги “Исломобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин тус олган. Айни пайтда маҳаллада 3 минг 750 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги 2 та оилавий ётоқхона бир неча йилдан буён таъмирталаб ҳолатда эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур бинолар қайта реконструкция қилиниб, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Наврўз байрами арафасида мазкур оилавий ётоқхоналарни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 

– Маҳалламиздаги кўп қаватли уйлар атрофида бир неча йил илгари ўрик ва гилос кўчатларини экиб, катта боғ яратганмиз, – дейди тумандаги “Исломобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Бойсариев. – Бу йил эрта баҳорда дарахтлар барқ уриб гуллади. Уни кўрган инсоннинг завқи келади. Ёшларимиз бўш вақтида боғ парваришида фаол қатнашади. Кўчалар, хонадонлар атрофига турли манзарали, мевали кўчатлар экдик. Бу тадбирларда кексаларимиз бош бўлиб, ёшларга ўрнак бўлмоқда. 

Халқимизда “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган нақл бежизга айтилмаган. Буни яхши билган маҳаллалар раислари умумхалқ байрамни муносиб нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш, аҳоли онгига чуқур сингдириш билан уларни ушбу жараёнларга кенг жалб этиш чораларини кўрмоқда. Бироқ, аксарият ҳолларда экиладиган жойлар нотўғри танланиши, қаровсизлик натижасида дарахт кўчатлари эрта нобуд бўлмоқда. Ушбу камчиликлар такрорланмаслиги учун маҳалла фаоллари кенг жамоатчиликка мазкур ҳолатларга нисбатан эътиборсиз бўлмасликка чақирмоқда.

Бугунги кунда “Банокат” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини кўрган кишининг ҳаваси келади. Ҳудудда 2 минг 500 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

– Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ҳовлисини қаровсиз ташлаб қўйган айрим фуқаролар ҳам бор, – дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мусажон Қодиров. – Кексаларимиз билан бирга уларнинг хонадонида бўлиб, тушунтириш ишларини олиб бордик. Байрам олдидан маҳалламиз кўчалари, умумтаълим мактаблари атрофига 500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экдик. Ҳудудимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича профилактика инспекторларимиз фаол иш олиб бормоқда.

Миробод туманида ёшларнинг спорт иншоотлари ва таълим муассасаларидаги спорт объектларидан унумли фойдаланиши ва самарадорлигини ошириш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўқувчи-ёшлар ўртасида спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка, енгил атлетика каби турлари бўйича мусобақалар мунтазам ташкил этилмоқда.

Буни тумандаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти мисолида кўриш мумкин. Мактаб фойдаланишга топширилган дастлабки йилда қатновчилар сони кўп эмас эди.
Шароитлар яхшилангач, спорт сирларини ўрганишга иштиёқманд ёшлар сафи кенгайди. Бугунги кунда 1 минг 37 нафардан зиёд ўғил-қиз спортнинг теннис, таэквондо (WTF), таэквондо (ITF), дзюдо, армрестлинг, турон, бокс, бадиий гимнастика, футбол каби турлари билан мунтазам шуғулланмоқда.

– Ҳар куни ишга келаётганимда мени бир гуруҳ болалар кутиб олади, – дейди мазкур спорт мактаби директорининг ўринбосари Бекзод Убайдуллаев. – Уларнинг кўзларида спортга иштиёқни, ўзига бўлган ишончни кўриб, хурсанд бўламан. Мактабнинг сунъий қопламали футбол майдони эртаю кеч болалар билан гавжум. Ёш футболчиларнинг ”ошир”, ”теп”, ”гол” деб, завқ-шавққа тўлиб ўйнаши ўтган-кетганнинг ҳавасини келтиради.

– Қизим Фарзода яқинда бадиий гимнастика тўгарагига қатнай бошлади, – дейди мирободлик Маъсума Саъдуллаева. – Ўрганган машқларини уйда ҳам такрорлайди. Бу эса уни қоматини ростлаб, қатъий кун тартиби ва тўғри овқатланишга риоя этишга ўргатмоқда.

Байрам муносабати билан бу ерда ҳар йили спорт мусобақалари ташкил этиш яхши анъанага айланган. Мақсад аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш.

Абдулазиз Мусаев, Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
1 431