ЎзА Ўзбек

15.03.2019 23:19 Чоп этиш версияси

Мираброр Усмонов


1.jpg

Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, таниқли давлат ва жамоат арбоби, сенатор Мираброр Зуфарович Усмонов шу йил 15 март куни 72 ёшда вафот этди.

М.Усмонов 1947 йил Тошкент шаҳрида туғилди, 1978 йилда Самарқанд кооператив (ҳозирги иқтисодиёт ва сервис) институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлади. Ўз иш фаолиятини 1964 йилда Тошкент шаҳридаги “Баҳор” ресторанида бошлади. Кейинчалик Тошкент шаҳридаги бир қатор ресторанларда турли вазифаларда ишлади. 

Ўз ҳаётини эл-юрт хизматига бағишлаган М.Усмонов кўп йиллар мобайнида Тошкент шаҳар ресторанлар трести директори, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси умумий овқатланиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида самарали фаолият кўрсатди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги мураккаб ўтиш даврида мамлакатимизда озиқ-овқат таъминотини яхшилаш, ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан тўлдириш, савдо ва маиший хизмат соҳаларида ислоҳотларни амалга ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш борасида унинг хизматлари катта бўлди. 

Бой меҳнат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган бу заҳматкаш инсоннинг раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилияти Ўзбекистон Республикаси савдо вазири, “Ўзбексавдо” давлат уюшмаси раиси, Бош вазири ўринбосари каби масъул вазифаларда ишлаган йилларида яққол намоён бўлди. 

У 2005-2019 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмита раиси, раис ўринбосари лавозимларида фаолият олиб бориб, миллий парламентимиз ривожига муносиб ҳисса қўшди.

М.Усмонов Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раиси сифатида ҳам самарали фаолият олиб бориб, ушбу соҳаларни ривожлантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини юксалтириш борасида жонбозлик кўрсатди. 

Унинг жамоат ишларидаги фаол иштироки, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги катта хизматлари эл-юртимизга яхши маълум.

М.Усмоновнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.

Ташаббускор ва ташкилотчи раҳбар, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Мираброр Усмоновнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Ж.Ортиқхўжаев, Ш.Жалилов

6 522