Минораи Калондан ташлаш жазосини ман этган инсон ёхуд Амир Олимхоннинг бойликлари учун кимнинг қабри очилган?
Навоий вилоятининг Кармана шаҳридаги нодир меъморий ёдгорлик — «Қосим Шайх» мажмуасида бўлганмисиз?
Навоий вилоятининг Кармана шаҳридаги нодир меъморий ёдгорлик — «Қосим Шайх» мажмуасида бўлганмисиз?
500 йиллик тарихга эга бу масканда Қосим Шайхдан бошқа яна бир инсоннинг қабри жойлашган.
У Амир Олимхоннинг отаси Абдулаҳадхоннинг қабри бўлиб, ундаги қабр тош бир неча марта янгиланган ва ҳозирга қадар икки марта очилган.
– Қабр 1943-44 йилларда ва 1984 йилда очилгани бизга маълум, – дейди Навоий вилояти тарих ва маданият музей ходими Лола Саидова. – Бунга сабаб, унинг ўғли Амир Олимхоннинг афсонавий бойликлари – олиб кета олинмаган арава-арава тиллалар шу ерга кўмилган бўлиши тахмин қилиниб, очилган. Ҳеч қандай бойлик топилмаган, бироқ жасадга зарар етказилган.
Ўз даврида Бухоро амирлигини бошқарган бу инсон учун нега бу макон охирги манзил бўлди деган саволимизга, "Чунки Абдулаҳадхон Карманада туғилган, Бухорони ҳам шу ердан туриб бошқарган" деб жавоб беришди. “Ожиз” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзгани манбаларда келтирилган.
Музей ходимлари Амир Абдулаҳадхоннинг қилган ишлари, амалга оширган ислоҳотлари ҳақида сўзлаб берди. У ўз ҳукмронлик даврида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга, инсонпарварлик тамойили асосида шакллантиришга уриниб, қийноқлар, ўлим ҳукми ва энг даҳшатли жазо – Бухородаги Минораи Калондан ташлаб юбориш жазосини ман этган экан. Кармана аҳолиси Абдулаҳадхонни хушмуомалалиги, адолатпарварлиги, художўйлиги ва оддийлиги учун жуда севгани ҳам эътироф этилди.
– Тарихий манбаларда Амир Абдулаҳадхон Москва ва Санкт-Петербургда бир неча марта боргани қайд этилган, – дейди Лола Саидова. – Санкт-Петербургда мусулмон масжиди, Саудия Арабистони, Миср, Сурия, Ироқ, Қрим ва Кавказ ўлкаларида бир қанча работлар, меҳмонхоналар, саройлар ва ҳаммомлар қурдиргани ҳам тарихий ҳақиқат.
Мустақилликдан олдин, Қримда қурдирган қасрлардан бирига “Ўзбекистон” санаторияси номи берилган.
Эҳ-ҳе, дунёнинг бир қатор давлатларига турли хилдаги хизмат кўрсатиш объектлари қуриб берган амир, ўз юрти, халқига нима енгилликлар қилганига қизиқиб, тарихий китобларни варақладик. Абдулаҳадхон ҳукмронлиги даврида Каттақўрғондан Бухорога Кармана орқали телеграф сими тортилгани, Чоржўйни Самарқанд билан боғловчи темир йўл ўтказилган ва Кармананинг Бухоро амирлигидаги нуфузини ҳисобга олиб, бу ерда Кармана станцияси қурилгани ҳақидаги маълумотлардан очиғи жуда қувондик.
Ушбу ханоқоҳга киравериш пештоқида форс тилида марсия ёзилган экан. Унинг қисқа маъноси эса “ Эй, дил бу ёруғ жаҳонда хотиржамлик йўқ. Қарагин замона шоҳи бўлган Саид Абдулаҳадхон ҳам сўнгги манзилга йўл олди, ким бўлсак ҳам тупроқдан яралганмиз ва унга қайтамиз” иборат экан.