Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 19:29 Чоп этиш версияси

Наманганда 3 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси янги хонадонли бўлди

Наманганда 3 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси янги хонадонли бўлди Наманган вилоятида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 3 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига замонавий кўп қаватли уйлардан хонадонлар туҳфа этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, совға-саломлар топширилмоқда.

Вилоятда 80 дан зиёд уруш фахрийси миннатдор авлодлар ҳурмат-эҳтироми, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг беқиёс ғамхўрлигида ҳаёт кечирмоқда.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги ва бошқа бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида уларнинг хонадонларига бориб, алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, моддий-маънавий кўмак берилмоқда.

Шундай тадбирлар доирасида 3 нафар уруш фахрийси – Наманган шаҳридан Низомхон ота Сатторов, Турсунбой ота Тожимирзаев, Уйчи туманидан Жакбарали ота Юсуповга кўп қаватли замонавий уйлардан янги хонадонлар калити топширилди. Барча қулайликлар яратилган, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, телевизор, музлатгич ва бошқа маиший техника воситалари билан жиҳозланган хонадонлар нуронийларнинг роҳат-фароғатда яшашига хизмат қилади.

– Миллионлаб инсонлар қирғинбаротга учраган ўша жанггоҳлардан омон қайтиб келганимизнинг ўзи тақдирнинг катта мукофоти бўлса, юртимиз истиқлоли, бугунги дориломон кунларни кўриб юришимиз Яратганнинг буюк марҳаматидир, – дейди Жакбарали ота. – Президентимиз раҳнамолигида кўрсатилаётган ғамхўрлик, иззат-икром эса қалбимизни қувончга тўлдирмоқда. Илоҳим, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига кўз тегмасин.

– Бир неча кун олдин “Нуроний” жамғармаси раҳбарлари келиб Президентимиз фармони билан белгиланган пул мукофоти, жамғарма ва ҳомий ташкилотларнинг совға-саломларини топшириб кетишган эди, – дейди Низомхон ота. – Мана энди янги, шинам уйга ҳам эга бўлиб турибман. Етказганига шукр. Ҳар куни телевизорда юртимизнинг гуллаб-яшнаётгани, ёшларимиз эришаётган ютуқлар ҳақидаги лавҳаларни кўриб, кўзимга ёш келади. Бу ёқда биз, кексалар, аёллар ва болалар ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Бундан ортиқ бахт борми, ахир? Илоҳим, юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик абадий бўлсин, мана шу эзгу ишларга бош-қош бўлиб турганларнинг умрлари узоқ бўлсин.

– Вилоятда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чора-тадбирлар ҳам изчил давом эттирилмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов. – Жамғарма томонидан уч нафар уруш фахрийсини уй-жой билан таъминлаш ва бир гуруҳининг уй-жойини таъмирлаш-ободонаштириш учун 334 миллион сўмдан зиёд манзилли маблағ йўналтирилди. Эҳтиёжи борларга ногиронлик аравачаси ва бошқа тиббий кўмак воситалари берилмоқда. Президентимиз томонидан йўлланган табрик ва совғалар вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида тантанали топширилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Учқўрғон туманининг Қайқи қишлоғида яшовчи уруш фахрийси, “Шуҳрат” медали соҳиби Тоштемир ота Камоловнинг табаррук 105 ёшга тўлиши тантаналарига тўғри келди. Отахонга давлатимиз раҳбарининг табриги ва совға-саломлар топширилди.

Тадбирларда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
8 639






Все о погоде - Pogoda.uz