Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2017 18:02 Чоп этиш версияси

Миллийликнинг мафтункор жилолари

Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган “Мустақил юрт ҳунармандлари” IX анъанавий миллий ҳунармандлик ва амалий санъат маҳсулотлари кўргазма-савдосида 20 дан ортиқ йўналишдаги маҳсулотлар намойиш этилди.

Боғ йўлакларида ташкил этилган кўргазма-савдода бир-биридан чиройли ва сифатли каштадўзлик, ганчкорлик, кошинкорлик, ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, заргарлик, миллий либослар, кандакорлик маҳсулотлари ўрин олган.

Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган кўргазма “Ҳунарманд” уюшмаси ва Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирга мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, турли ташкилот ва идоралар ходимлари, ҳунармандлар, журналистлар таклиф этилди.

“Ҳунарманд” уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи А.Ҳакимов, Ўзбекистон халқ устаси О.Файзуллаев ва бошқалар ҳунармандлик ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор соҳа ижодкорларини фаолликка ундаб, улар томонидан яратилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда муносиб ўрин эгаллаши билан бирга, юртимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

– Уюшма 20 мингга яқин ҳунармандни бирлаштирган, – дейди Ўзбекистон халқ устаси Асрол Мухторов. – Беш мингга яқин ҳунармандлик устахонасида “уста-шогирд” мактаблари ташкил этилиб, 2016 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида 12 минг йигит-қизга ҳунар сирлари ўргатилди. Албатта, ҳунар ўрганишга орзуманд бўлган бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш хайрли иш. Халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатимизнинг ноёб турларини қайта тиклаш, янги намуналарини яратиш, ёшларни ҳунар ўрганишга жалб қилиш ва уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида уюшма томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ёш истеъдодларни аниқлаш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишда бу каби кўргазма-савдолар, танлов ва фестивалларнинг аҳамияти беқиёсдир.

Мустақиллик йиллари ҳунармандларга том маънода имкониятлар эшигини очди, улар сафини кенгайтирди, изланиш ва ижодга ундади. Бунда, айниқса, кошинкорлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, зардўзлик, каштадўзлик ва кандакорлик йўналишларида муваффақиятларга эришилди. Ипак ва пахтадан тайёрланган газламалар, кашта ва гилам тўқиш учун мўлжалланган иплар, кулоллик буюмлари ва кошинкорлик маҳсулотларини бўяш борасида олиб борилган изланишлар натижасида ўсимликлардан табиий ранг олиш технологиялари яратилди.

– Гилам тўқишда фойдаланилган нақшларни ўрганиш ва қайта тиклаш асосида олти турдаги гилам маҳсулотларини харидорларга етказиб бермоқдамиз, – дейди бойсунлик тадбиркор Мафтуна Азизова. – 38 турдаги нақшларни момоларимиздан ўрганган бўлсак, бу йил яна етти турдаги нақшни қайта тиклашга муваффақ бўлдик. Жундан тўқилган эркак ва аёллар либослари, сумкалар, Бойсун дўппилари ҳам жуда харидоргир.

Мафтуна Азизова келажакда “Ёш ҳунармандлар” мактаби, интернет-онлайн савдо дўконини ташкил этиш бўйича режаларини гапириб турганда, суҳбатимизга Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Остона гиламчи” оилавий корхонаси раҳбари Дилафрўз Валлаева қўшилди.

– Мен Ўзбекистоннинг туркман қизиман, – дейди у. – Шу юрт фарзанди бўлганимдан ғурурланаман. Чунки жаннатмонанд юртда аҳил-иноқ яшаб, истеъдод ва салоҳиятимизни намоён этишимиз учун барча қулайликлар мавжуд. Ўн ишчи билан жун, ипак ва пахтадан 30 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз. Бу галги кўргазма-савдода жун ва ипакдан тўқилган гиламлар, аёллар сумкаси, сувенир маҳсулотлари билан иштирок этдик. Ўтган йили 39 миллион сўм соф даромад олдик. Жорий йилда 287 миллион сўмлик маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқаришни режалаштирганмиз.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 011






Все о погоде - Pogoda.uz