Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2018 12:27 Чоп этиш версияси

Миллий ва халқаро тажриба

Термизда 18-20 апрель кунлари бўлиб ўтадиган “Central Asia 2018. Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурсларининг ўрни” XII халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабоева ва бошқалар мамлакатимизда ахборот-кутубхона фаолияти самарадорлигини ошириш, электрон ахборот ресурсларидан унумли фойдаланиш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

1999 йилдан буён ўтказилаётган мазкур Халқаро конференция ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиб, кутубхоналар фаолиятини такомиллаштириш, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар, архивлар ва бошқа ташкилотларда улардан фойдаланиш даражасини юксалтириш, фойдаланувчиларнинг ахборот маданияти ва медиа саводхонлигини оширишга кўмаклашаётир. Кутубхона ва таълим муассасаларининг интернет, электрон маълумотлар базаси имкониятларидан кенг фойдаланиш, уларга эркин киришни таъминлаш ҳамда мазмунан бойитишга қаратилган ҳаракатларни қўллашга ёрдам бермоқда.

Халқаро конференцияда мамлакатимиздаги ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, нашриётлар, архивлар раҳбарлари, олимлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Исроил, Эрон, Покистон каби давлатлардан соҳанинг етакчи мутахассислари, экспертлар иштирок этади.

Анжуман доирасида ташкил этиладиган ялпи мажлисларда хорижлик ва маҳаллий олимлар, соҳа мутахассисларининг қизиқарли маърузалари тингланади. Маҳорат дарслари ўтказилади. Тажриба алмашилади. Халқаро конференция материаллари илмий тўплам ҳолида чоп этилади.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 006