ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Миллий ва диний мурувват тимсоли ​

Миллий ва диний мурувват тимсоли ​

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Республика тожик миллий маданий маркази билан ҳамкорликда шавкатли бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишлаб "Сен ҳам соғинғансен меҳру вафо била" деб номланган давра суҳбати ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов ва бошқалар Заҳириддин Муҳаммад Бобур наинки Шарқ адабиётида, балки жаҳон адабиётида ҳам етакчи ўрин эгаллаган беназир шоир, олим, мутафаккир эканини таъкидлади. 

photo5348466759201565978.jpg

– Бобур дастлаб Афғонистоннинг Кобул шаҳрига, кейинчалик эса Ҳиндистонга янги тамаддун олиб кирди, – деди Ўзбекистон тожик миллий маданий маркази раиси, файласуф олим Жаъфар Холмўминов. – У ўзаро низолар гирдобида қолган Ҳиндистонни бирлаштирди. Бу юртга ислом маданияти, адабиёти, шеъриятини олиб кирди. Бобур саъй-ҳаракатлари билан фозилу олимлар, шоиру усталар, ҳунарманд ва мусаввирлар, меъморлар, санъат ва маданият аҳлидан иборат карвонлар Ҳинд сори йўл олди. Илм-ҳунар, санъат, адабиёт аҳли ундан ҳимоят топди. Бошқа элатларга ўз эътиқодида, динида қолиш учун имкон яратди. Бобур динлар ва миллатлараро тотувлик, ўзаро аҳиллик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик тимсолидир. Бобомиз яратган тамаддун натижасида турк, араб, форсий сўзларнинг ҳиндий билан қоришмасидан таркиб топган урду тили юзага келди. Меъморчилик, шаҳарсозлик, адабиёт, шеъриятда ҳинд-мусулмон анъаналарининг уйғунлашуви пайдо бўлди. Агар Навоий тафаккур шоири бўлса, Бобур инсоннинг ички кечинмалари, изтироблари, руҳияти, соғинчини шеъриятга ўзгача нафосат билан олиб кира олган ижодкордир. У адабиётни инсонга, инсонни адабиётга янада яқинлаштирди. 

photo5348466759201565979.jpg

– Бобур турк адабиёти, шу жумладан, озарбайжон адабиёти, маданияти ва анъаналари ривожида ҳам ғоят катта аҳамият касб этган шоир ва мутафаккир олимдир, – деди Ўзбекистон озарбайжон миллий маданий маркази раиси Фирдуси Гусейнов. – Инсоният, миллат ғамини ўз ғами деб билган адолатли, халқпарвар шоирнинг "Бобурнома" асари таниқли озарбайжон адабиётшунос олими Рамиз Асқар томонидан ҳам озар тилига таржима қилинган. Бобур улуғлаган мушфиқларга хайрихоҳлик, мардлик, олижаноблик, саховат ва мурувват, эзгулик ғоялари унинг асарлари барҳаётлигини таъминлайди. 

photo5348466759201565980.jpg  

Тадбирда тилшунос, географ, тарихчи олимлар томонидан Бобур ҳаётида Алишер Навоийнинг ўрни, "Бобурнома"да жой номлари ва таҳлили, халқ дипломатияси, шоир ижодининг бадиий хусусиятлари каби мавзуларда маърузалар қилинди. Буюк бобокалонимизнинг ўз асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир, ижтимоий масалалар ечимига йўл топган олим ва арбоб сифатида жаҳон тарихидан муносиб ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди.

577
Назокат УСМОНОВА, Аъло АБДУЛЛАЕВ ​(сурат), ЎзА