ЎзА Ўзбек

09.08.2018 12:52 Чоп этиш версияси

Миллий тикланишдан – миллий юксалишга!

Миллий тикланишдан – миллий юксалишга!

Шу кунларда мамлакатимизда ўтказилаётган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияга дунёнинг турли давлатларидан атоқли шоир, ёзувчи ва олимларга пойтахтимиз мезбонлик қилмоқда.

Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табриги билан бошланди. Табрикда ўзбек адабиётини ўз юртларида ва халқаро майдонда беғараз тарғиб ва ташвиқ этиб келаётган ёзувчи-шоирлар ва олимларнинг барчасига самимий миннатдорлик билдирди. Халқаро конференция иштирокчиларига йўлланган Президент табриги шу куннинг ўзидаёқ кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлди. Журналистлар Президент табригини оммага етказиш билан бирга табрик матнидаги фикрларни таҳлил қилиб, ўз оммавий ахборот воситаларида чоп этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев табрик сўзини якунлар экан, “Бундан юз йил муқаддам буюк ўзбек шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли – Чўлпон “Адабиёт яшаса, миллат яшар!” деган оташин даъват билан майдонга чиққан эди. Ҳаёт ва тарих синовларидан ўтган теран маъноли бу сўзлар бугун ҳам ўз аҳамияти ва қимматини йўқотган эмас. 
Дарҳақиқат, адабиёт, санъат ва маданият яшаса, миллат ва халқ, бутун инсоният безавол яшайди. Мана шундай эзгу ва шарафли ишга ўз ҳаётини бағишлаган сиз, азизларга сиҳат-саломатлик, ижодий ютуқлар, бахт ва омад, конференция ишига муваффақият тилайман”, дея мутафаккир шоиримиз, маърифатпарвар жадидчимизнинг замонлар оша бизгача етиб келган фикрларини анжуман қатнашчиларига эслатиб ўтди.

Хусусан, Президент табригида таъкидланган масалалар ичида айтилган: “Бугунги кунда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига қадам қўймоқда. Биз миллий тикланишдан – миллий юксалишга эришишни ўз олдимизга энг муҳим ва устувор вазифа қилиб қўйдик. Бу улуғ мақсадга эса жаҳон аҳли билан ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб яшаш, очиқ демократик жамият қуриш, ҳаётимизда миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғусини янада кенг қарор топтириш орқалигина эришиш мумкинлигини биз яхши англаймиз”, деган ушбу фикрлар эса кўпчиликнинг кўнглидаги фикрларга ҳамоҳанг жаранглаётгандек таассурот қолдирди.

Дарҳақиқат, ўзбек халқи учун “Миллий тикланишдан – миллий юксалишга” ҳаракат этиш зарурияти, жамиятимиздаги энг муҳим ва долзарб масалалардан бири эканлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқимиз тарихига ва унинг тақдирига назар солсак, албатта бунинг исботини англагандек бўламиз.

Халқимизнинг ҳурриятини ва давлатчилигимизнинг мустақиллигини қайта тиклаганимизга ҳам чорак асрдан кўпроқ вақт бўлибди. Бизга озодлик, мустақиллик, ҳурриятни ҳеч ким шунчаки совға қилган эмас. Халқимиз ўз миллий мустақиллиги йўлида бир асрдан ошиқ вақт мобайнида курашиб келди.

Мустақиллик учун кураш Марказий Осиё ҳудудида ҳеч қачон тўхтамаган, бирор-бир босқичда қолиб кетмаган, эрк йўлидаги ҳарбий ҳаракатлар, қонли тўқнашувлар, ғоявий-сиёсий ва ижтимоий-маданий кураш 1991 йилда мустақиллигимизни қайта тиклагунимизга қадар давом этди. Аждодларимиз мустақил давлатга эга бўладиган муборак кунни кўриш ва ҳис этишни орзу қилган, шу орзу йўлида курашган ва жон фидо қилган.

Марказий Осиё халқларининг чор Россиясига қарши миллий озодлик урушлари, исёнлари, большевиклар, советларга қарши миллий истиқлолчилик ҳаракатлари, Сталин қатағонига қарши мужодаласи ва Совет мафкураси яратган инсонлар тақдирини мажағлаб синдирувчи тизимга қарши ғоявий курашлари – Туркистон халқларининг озодлик, ҳуррият ва истиқлол йўлидаги муқаддас жанглари давридир.

Ватан озодлиги, миллат ҳуррияти ва барбод қилинган давлатчилигимизни тиклаш мақсадида мустақил давлатни қайта барпо қилиш истиқболи учун бўлган курашларда ҳаётини сарфлаб, жонини берганлар сиймоси халқимиз онгида мангу сақланиб қолиши зарур. Халқимиз босиб ўтган мураккаб тарихий йўлдан ҳар биримиз сабоқ олишимиз шарт.

Ақл бовар қилмайдиган даражада мудҳиш ва даҳшатли азобу уқубатларни бошидан кечирган маҳаллий халқларнинг ўз ҳаёти, оиласи, ва турмуш тарзини сақлаб қолиш йўлида олиб борган жанглари – Марказий Осиё халқларининг эркинлиги ва ор-номуси учун бўлган курашнинг чинакам тарихий рамзига айланди. Айни пайтда бу воқеалар халқимиз тарихидаги энг қайғули ва фожиали саҳифалар ҳамдир. Шунинг учун Ватан истиқболи йўлида жон фидо қилган эр йигитлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш миллат онгида мангу ғурур, жасурлик, ва матонат рамзи бўлиб қолаверади.

Ўтган асрнинг ниҳоясида ўз миллий давлатчилиги ва мустақиллигини қайта тиклаш ҳаракатлари оммавий шаклда авж ола бошлаганда Ўзбекистон халқи ва ҳукумати бегона ҳудудларни босиб олиш ҳамда ирқий устунлик эртаклари ва афсоналарига суяниб, бошқа халқларни камситиш режаларини тузмаган. Биз, ўзбек миллати ўлароқ умуминсоний қадриятларга, халқлар ўртасидаги меҳрибонлик ва эзгулик ғояларига ҳозир ҳам садоқатли бўлиб қолмоқдамиз.

Ўзбек халқи ўз тарихидаги мустамлакачилик даври босқичи ҳамда совет бошбошдоқлиги йилларида Кремлдан туриб бошқарилган “Пахта иши” каби шармандаликлар “Ўзбек иши”га айлантирилиб, халқимизнинг аҳволи оғир оқибатларга олиб келинган даврда юз берган фожиали лаҳзаларга қарамай, жаҳоннинг барча халқларига нисбатан биродарлик туйғулари ва эзгу муносабатларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди. Бугунги кунда эса ушбу фазилатларни келажак авлодларга етказиш мақсадида халқимиз дунё ҳамжамияти кўз ўнгида ўзининг курашини давом эттирмоқда.

Ватанимиз ва давлатчилигимиз мустақиллиги қайта тиклангунга қадар оддий ўзбекона миллий туйғулар оила даврасида, ягона дастурхон атрофида, рўзғорда авайлаб-асралар ва наслдан-наслга одоб ва тарбия сифатида берилар эди. Мустақиллигимиз тикланган даврда эса Ўзбекистоннинг таълим тизими вакиллари ҳамда ватанпарварлик руҳиятига содиқ зиёлилари ёш авлодга ўтмиш сабоқларини таълим жараёнида, академик доираларда ва бошқа турли замонавий усуллар орқали етказиш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистоннинг таълим тизимида хизмат қилаётган мураббийлар олдига қўйилган асосий мақсад ва энг долзарб масала бу – ёш авлод дунёқарашида миллий ўзлик, Ватанга садоқат сингари қадриятларни шакллантириш билан бирга, қардош халқлар ўртасида яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун керакли бўлган туйғуларни ҳам тарбиялашдан иборат бўлиб турибди. Бу фазилатлар нафақат ўз халқи, балки бошқа қардош халқларнинг ҳам сиёсий-ижтимоий ҳаётида илғор ўзгаришларни амалга оширишни истаётган ҳар қандай инсон учун чинакам заруратга айланган хислатлардир.

Қардош халқлар тақдиридан ўрин олган тарихий воқеалар, фактларни батафсил ва мукаммал мисоллар ёрдамида ўхшаш воқеаларни қиёслаб ўрганиш пировардида тарихий ва замонавий бузғунчиларнинг ниятлари нима эканини ҳамда уларнинг геосиёсий ўйинлари қандай мақсадда ишлатилишини тушунишга олиб келади.

Мустақил давлат ўлароқ дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган ҳар қандай мамлакатда янгиланиш ва ривожланиш ҳаракатлари бир неча йиллар давомида, босқичма-босқич амалга ошириладиган мураккаб жараёндир. Ҳурриятни истаган ҳар бир миллатнинг тақдирида шу бор. Бундай вазиятда ташкил қилинган ҳукумат ичида эски тизим тарафдорлари ҳам бўлиши аниқ. Масаланинг шу тарафини инобатга олиб ҳаракат қилиш ва оппонентлар билан муроса қилиш йўлини топиш ишлари ўз миллатининг келажаги ҳақида қайғурадиган инсонлардан улкан маҳорат талаб қилади.

Бугунги кунда шиддат билан ривожланаётган замонавий дунёда ўз ўрнига эга бўлган жамиятимизда ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда. Мустамлакачиликка асосланган мустабид тизимни бошидан улоқтириб ташлаганига эндигина чорак аср бўлган бир жамият учун давлат бошқаруви тизимида янгиликларга эришиш осонликча кечмайди. Албатта, сиёсий рақобат ва кураш талафотсиз бўлмайди. Шунинг учун фаҳм-фаросатли, илғор фикрли, халқ ичидан чиққан доно зиёлилар иложи борича кўзланган мақсадга эришиш йўлларини қидиради. Ёлғиз одам ҳаминқадар иш бажариши мумкин. Лекин жамиятни ташкил қилувчи асосий омил, бу халқдир. Халқнинг салоҳияти эса халқ намоёндалари бўлмиш шахсларнинг маданий савияси ва фикрлай олиш қобилиятига боғлиқ.

Кечагина “темир парда” ортидаги СССР деган қафасда ўтирган беайб маҳкумлар, тақдирлари бегуноҳ мажағланиб, армонлари сабабсиз синдирилган, руҳи ўтмишидаги қирғинлар, қатағонлар билан қўрқитилиб, эзилган “индамаслар” эндигина ҳуррият ҳавосидан нафас олиш учун қафаслар туйнигидан озодлик сари мўралаб чиқиб, кечаги кишанларини ечиш билан овора бўлаётган пайтда ён-атрофидаги ривожланган давлатларда бўлаётган замонавий тараққиётга назар солишга, улардан ўрнак олишга ва янгича иқтисодий ўзгаришлар қилишга қодирми?

Ўзлиги, миллий ғурури оёқ ости қилинган ва онги, номуси билан қўшилиб эзилган мазлумлар хаёлида яхлит бир миллат тушунчаси эндигина яна қайта шаклланиб, бир халқ бўлиб яшашни амалда ўргана бошлаганида улар ўртасида ҳар хил зиддиятлар ва келишмовчиликлар чиқаришга уринадиган найрангбозлар кўпайиши тарихдан маълум. Бундай сиёсий ўйинларга қарши қандай куч билан қарши тура оламиз?

Бу борада Ҳиндистоннинг буюк жамоат ва сиёсат арбоби, Ҳиндистон мустақиллик ҳаракатининг етакчи бошлиқларидан бири Маҳатма Гандининг “Мустамлакачилар томонидан тарбияланган зиёлилар – ўз халқининг асосий душманидир”, деган ибораси қанчалик ҳақ гап эканининг исботини барча мустамлакачиликдан энди қутилган халқлар тақдирида кўрмоқдамиз.

Кечагина қўрқитилган, эзилган, урилган ва камситилган индамаслар бугунги кунга келиб, мустақил бўлгани билан эртага ўз оёғида тик туришга кучи етадими? Истиқлолимизни сақлаб қолишни уддасидан чиқа оладими? Бунга қандай кафолатлар бор? Қайта қўлга киритилган давлатчилигимиз истиқлолини ва халқимиз ҳурриятини сақлаб қолиш учун миллат ва халқ ўлароқ биз қандай ҳаракатлар қилишимиз лозим? Миллий ўзлигимиз ва шу масалага оид муаммолар юзага чиққанда зиёлиларимиз қандай йўл тутса, жамиятимизни илғор тушунчаларга эга бўлган инсонлар мажмуасига айлантира олади?

Албатта, бу жуда нозик масалалар, шу билан бирга, катта эътибор ва маблағ талаб қиладиган муаммолар ҳамдир. Кундалик турмушдаги турли ижтимоий ва моддий қийинчиликлар ичида яшаб, ўз оиласини маошдан маошга зўрға боқиб юрган зиёлиларимиз бундай муаммолар ва масалаларни ҳал қилишга қодирми?

Ўзбекистонликларнинг ва бошқа давлатларда яшовчи Ватандошларимизнинг ўз юрти, улуси, тарихи, маданияти, адабиёти ва иқтисодиётига нисбатан бўлган муносабатларини қандай йўллар билан ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик даражасига кўтара оламиз?

Дунёнинг бошқа давлатларида яшайдиган, ўзини ўзбекман дейдиганларнинг сони Ўзбекистон Республикасининг ичидаги ўзбеклардан анча кўпроқ. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари расмий шаклда қонун билан ҳимояланган. Лекин, Ўзбекистон ташқарисида, дунёнинг 100 дан ортиқ давлатида яшайдиган ўзбекларнинг аҳволи қандай?

Бир қарашда ушбу саволларга жавоб топиш осон туюлгани билан аслида жуда мураккаб тадқиқотлар натижасига кўра, хулоса чиқаришга ундайди, жавоблар эса кўп жилдли китоб саҳифаларини эгаллаши мумкин. Бу саволларга жавоблар излаб, тарихий воқеаларни тадқиқ қилар эканмиз, нафақат Ўзбекистонда истиқомат қилувчи, балки бутун дунё бўйлаб сочилиб кетган Ватандошларимиз тақдирига, улар босиб ўтган мураккаб ҳаёт йўлига назар солмай иложимиз йўқ.

Шахсий фикрларнинг умумлаштирилиши натижасида жамиятнинг ҳамма намояндаларига тааллуқли бўлган, белгиланган хулосалар юзага чиқиши аниқ. Ижтимоий фикр ва хулосалар асосида ҳукумат томонидан халқнинг салоҳиятини ошириш йўлида қилиниши шарт бўлган режалар тузилади ва қарорлар қабул қилинади. Олинган қарорлар жамиятни ҳаракатга етаклаши зарур. Шундагина халқ салоҳияти юксалади. Зеро, муваффақият, бу – ҳаракат жараёни ва ҳаракат олдидан пухта ишлаб чиқилган режа асосида яратиладиган натижадир.

Эл, юрт, улус ва миллат истиқболи йўлида ҳаракат қилувчи ҳар бир Ўзбекистон ватандоши энг аввало, айнан ўтмишда ўз Ватани озодлиги, ҳуррияти ва истиқлоли йўлида фахру ифтихор-ла жонини бахшида этган маърифатпарвар, ватанпарвар ва миллатпарвар аждодларимиз йўлини тушуниши ва қабул қилиши шарт эканини тан олмай иложимиз йўқ. Чунки Ватанимизнинг бугунги мустақиллигини теран англашга ҳаракат қилиб, ўтмиш билан таққослаб, тарихдан сабоқ ва ўрнак олиб яшаш келажакда жамиятимизнинг ҳар бир намояндаси турмушида бўладиган ижобий ўзгаришлар билан бирга, уларнинг ишида, сўзида ва фикрида шахсий эркинлик тотини яратиши аниқ. Зеро мозийдан шунинг учун ҳам ибрат олинади, қолганини эса виждонига кўра инсоннинг ўзи белгиласин!

Ш. Саламов,
Озарбойжон Республикаси
«International Eurasia Press Fund & Eurasia Diary» 
Ахборот-таҳлилий порталининг
Марказий Осиёдаги махсус мухбири

ЎзА
14 683