ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Миллий санъатимиз тарғиботчиси​

Миллий санъатимиз тарғиботчиси​

Пойтахтимизда 6 февраль куни бўлиб ўтадиган «Зарб-шоу» концерт дастури олдидан матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидланганидек, миллий мусиқа санъатимизда доира ижрочилиги ўзига хос ўрин эгаллайди. Санъатнинг ушбу тури Уста Олим Комилов ҳамда унинг шогирд ва издошлари Тўйчи Иноғомов, Дадахўжа Соттихўжаев, Ғафуржон Азимов, Қаҳрамон Дадаев, Одил Камолхўжаев, ака-ука Раҳматилла ва Қудратилла Самадов, Ҳасан Азимов, ака-ука Дилмурод ва Элмурод Исломов, Маъмуржон Ваҳобов каби фидойи санъаткорларнинг ижроси билан тобора равнақ топди. Ўз ижро йўли, услубига эга бўлган бу каби чилдирма усталарининг маҳорати миллий мусиқа ихлосмандларига яхши таниш. 

photo5283179347882126827.jpg  

Бугунги кунда миллий мусиқа санъатимизни хорижда муносиб тарзда тарғиб этаётган созандалар, ижрочилар кўпчиликни ташкил этади. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Аббос Қосимов ана шундай санъаткорлардан. У юртимизда илк бор карнай ва сурнай, ноғора каби миллий мусиқа асбобларимизнинг имкониятлари нечоғли кенглигини «Аббос» миллий халқ чолғу асбоблари ансамбли фаолияти орқали мухлисларга аллақачон исботлаган.

Ўн беш йилдирки, жаҳоннинг бир қатор давлатларида миллий доира санъатимизга оид бетакрор мактаб ва анъаналарни мусиқа ихлосмандлари эътиборига ҳавола этмоқда. А.Қосимов доирачилик санъатида содда ижрочилик йўлидан эмас, балки мураккаб, яъни «Тескари зарб» ижрочилик йўлидан бориб, салмоқли ютуқларга эришган санъаткордир. Айниқса, дунёнинг 5 нафар энг моҳир созандалари сафидан унинг ҳам жой олгани эътиборга моликдир. У АҚШ, Буюк Британия, Малайзия ва бошқа кўплаб хорижий давлатларда ўтказилган концертлар, мусиқий фестивалларда муваффақиятли иштирок этиш билан бирга, доира ижрочилиги бўйича хорижлик ёшларга ҳам сабоқ бериб келади. 

photo5283166054958345568.jpg  

6 февраль куни «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўтадиган «Зарб-шоу» мусиқий дастури ҳам санъаткорнинг ўзига хос ижодий лойиҳаларидан дейиш мумкин. Сарҳисоб тарзидаги мазкур гала-концертда наинки мамлакатимизнинг мусиқачилари, балки АҚШ, Озарбайжон, Туркия каби давлатлардан ҳам мусиқачилар иштирок этиши кутилмоқда.

Матбуот анжуманида «Зарб-шоу» мусиқий дастури юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил маълумот берилди.

photo5283166054958345569.jpg

3 556
Н.УСМОНОВА, О.МИРСОАТОВ (сурат), ЎзА