ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Миллий мусиқа – руҳий озуқа

Миллий мусиқа – руҳий озуқа

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ҳамда Турғун Алиматов номидаги жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида “Миллий мусиқа – руҳий озуқа” мавзуида маънавий тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси совриндори Маржона Тошева қаламига мансуб “Тафаккур бирла...” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. 

Ўзбек ва инглиз тилида чоп этилган китобда созгар уста, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўхтамурод Зуфаровнинг ҳаёти ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қилинади.
Тадбирда Турғун Алиматов номидаги жамоат бирлашмаси раиси Алишер Алиматов, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори Лутфия Мирзаева ва бошқалар мусиқа, оҳанг сеҳри, адабиёт ва унинг жозибаси ҳақида гапирди. Ана шундай жозиба ортидан яратилган янги китоб ҳақида, унинг бадиий тили услуби ҳақида илиқ фикрлар билдирди. 

– Зуфаровлар сулоласи фаолиятига болалигимдан қизиқардим. Китобларда кўп дуч келардим. Телевизорда ҳар сафар кўрганимда Тўхтамурод Зуфаров билан учрашиш нияти туғиларди. Ижодкорнинг ҳаёт йўлини ўрганиб эса, китоб ёзиш иштиёқи пайдо бўлди. Устозларим кўмаги ва маслаҳати билан шу китоб яралди, – деди М.Тошева.

– Мусиқа инсон руҳиятини тетиклаштиради. Яхши мусиқа тинглар экансиз қалб туғёнини сезасиз. Миллий ҳунармандчилигимизда саноқли сулолаларгина созгарлик билан шуғулланиб, миллий чолғу асбобларимизни аждодлардан авлодларга ўтишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Улардан бири Зуфаровлар сулоласи. Тўхтамурод Зуфаровдек самимий ва камтар инсон ҳақида шеърий достонлар, насрий романлар ёзиш мумкин. Бу китоб ана шу улуғ ишларга дебоча бўлиб хизмат қилса ажаб эмас, – деди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов.

Санъатшунос олимлар, ижодкор ёшлар ва хорижлик меҳмонлар иштирокида ўтган тадбирда Зуфаровлар сулоласи вакили Усмон Зуфаров иш фаолияти, созгарлик машаққати акс этган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

997
Дилобар Маматова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА