ЎзА Ўзбек

29.08.2018 17:06 Чоп этиш версияси

Миллий мақом санъати дунё узра янграйди

Миллий мақом санъати дунё узра янграйди XIV-XVI асрларда Шаҳрисабз илм ва одоб қуббаси сифатида шуҳрат қозонган. Тарихий манбаларда Амир Темур ва темурийлар даврида бу ерга узоқ-яқин юртлардан кўплаб толиби илмлар, маданият ва санъат намоёндалари келгани, ўзаро ижодий ҳамкорлик қилгани ҳақида маълумотлар бор.

Бугун кўҳна Кеш муҳим тарихий воқеага мезбонлик қилиш арафасида. Президентимиз ташаббуси билан жорий йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Айни пайтда анжуманга тайёргарлик жараёни қизғин давом этмоқда.

“Кеш” атамаси қалбларни яйратувчи, дилкаш каби маъноларни ифодалаши тарихчилар томонидан қайд этилган. Шаҳрисабзнинг бугунги қиёфаси ҳақиқий маънода кўнгилларни яшнатиб, кўзларни қувонтирмоқда. Анжуман муносабати билан тарихий маскан Амир Темур хиёбони ўзгача қиёфа касб этган. Оқсарой атрофидаги майдонлар, ҳудудлар кесимида тақсимланиб, миллий анъана ва қадриятларимизни акс эттирувчи сценарий ва дастурлар лавҳалари устида иш олиб борилмоқда. Саҳна декорацияси ва майдонни ободонлаштириш ишлари авжида. Қўшимча чироқлар ва декорациялар учун махсус ёритгичлар ўрнатилмоқда. Бу жараёнда 1000 нафарга яқин ишчи иштирок этмоқда.

– Оқсаройнинг тарихий қисмида қадим ота-боболаримиз турмуш тарзини акс эттирувчи этно шаҳар барпо этишга ҳаракат қилдик, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Азамат Сатторов. – Бунинг учун этно шаҳар ичида ўзига хос, мақом санъати билан бир даврда шаклланган амалий санъат турлари, халқ турмуш тарзи билан боғлиқ этнографияни қисман жамлашга уриндик. Иложи борича қадимий этнографиядан кўпроқ йиғишга, хорижлик меҳмонларни асл нусхалардан баҳраманд этишга эътибор қаратяпмиз.

Анжуман доирасида илмий симпозиум, жаҳон мақом санъати ва ўзбек мақом санъати усталари иштирокидаги чиқишлар, ёш мақом ижрочилари танлови, шунингдек, илмий-ижодий тақдимотлар, давра суҳбатлари ва бошқа барча тадбирлар белгиланган дастурлар асосида ташкил этилади. Бунинг учун алоҳида павильонлар ажратилган. Форумни юқори савияда ўтказиш мақсадида 1 минг 600 кишилик махсус амфитеатр барпо этилмоқда. Анжуманнинг очилиш маросими бадиий дастурида режиссёр Баҳодир Йўлдошев тавсиясига кўра, Бухоро, Хоразм, Тошкент ва Фарғона мақом йўналишлари бўйича вилоятлар мақом ансамблларининг чиқишлари, мусиқий композициялар режалаштирилмоқда. Шунингдек, шаҳрисабзлик ёш мақомчиларнинг ижролари ва Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли томонидан "Шашмақом"нинг дунёда эътироф этилган 6 шўъба тармоғи – "Бузрук", "Рост", "Наво", "Дугоҳ", "Сегоҳ", "Ироқ" мақом намуналаридан композициялар намойиш этилиши кўзда тутилган.

– Мақом ансамблимиз 7 кишидан иборат, – дейди фарғоналик иштирокчи Шерали Раҳмонов. – Мақсадимиз фарғонача йўналишдаги қўшиқларимиз билан бутун дунёга санъатимизни намоён этиш. Анжуманга Сароҳвори бузрукдан “Насруллоий” ашуласини тароналари билан тайёрлаб келганмиз. Устозларимиз орзу қилган кунларга бугун биз шогирдлар эришиб турганимизнинг ўзи бахт. Мақом санъатига қаратилаётган эътибордан ғоят миннатдормиз. Насиб этса, юракларни жунбишга келтирувчи ижроларимиз билан иштирокчиларни хушнуд этишга тайёрмиз.

Ўлмас Баротов, ЎзА
4 509