ЎзА Ўзбек

11.09.2018 12:20 Чоп этиш версияси

Миллий кутубхонада "Очиқ эшиклар ҳафталиги" бошланди

Миллий кутубхонада "Очиқ эшиклар ҳафталиги" бошланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қарийб 150 йиллик тарихга эга. 2011 йили мазкур кутубхона замонавий, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган янги бинода иш бошлади.

Кутубхонадаги мавжуд саккиз юз эллик ўринли 11 ўқув зали замонавий жиҳозланган. Бой адабиёт фонди, каталог ва картотекалардан ташкил топган маълумот-қидирув аппарати, табақалашган ва юқори малакали кутубхона-библиографик хизмат кўрсатишнинг қулайлиги фойдаланувчиларга манзур бўлмоқда. Бу ерда ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш учун мамлакатимизнинг ҳар қандай жойидан туриб мурожаат қилиш, шунингдек, етакчи хорижий ахборот-кутубхона фондларининг маълумотлар базасига уланиш, халқаро амалиётда тажрибадан ўтган хизмат кўрсатиш шакллари ва илғор дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш мумкин.

Кутубхонанинг http://www.natlib.uz расмий сайти хизматлар ва фаолият йўналишлари, янгиликлар, ташкил қилинадиган тадбирлар анонси каби ахборотлар билан танишиш имконини беради.

Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 10-14 сентябрь кунлари ташкил этилган «Очиқ эшиклар ҳафталиги»да танишув экскурсияси уюштирилиб, китобхонлар кутубхонанинг ана шундай имкониятлари билан таништирилмоқда. Кутубхонага ташриф буюрган фойдаланувчилар орасида сўровнома ўтказилиб, уларнинг фикри ўрганилмоқда. "Севимли китобингни тавсия эт", "Адабий устахона" сингари лойиҳалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 619