ЎзА Ўзбек

15.08.2018 20:10 Чоп этиш версияси

Миллий кино: сифат сарфланаётган сармояга арзийдими?

Миллий кинематография соҳасида ижобий ўзгаришлар даври кечмоқда. Мутахассислар эътирофича, Президентнинг шу йил 24 июлда қабул қилинган «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида миллий кино санъатида муҳим бурилиш даври бошланди.

Халқаро пресс-клубнинг "Миллий киноиндустрияни ривожлантириш: тарихий анъаналар, муаммолар, янгича бадиий сифат ва мақсадли сармоялар" мавзуидаги сессиясида бу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди. Унда «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, Агентликнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев ва бошқалар соҳага қаратилаётган эътибор кино мутахассислари зиммасига катта масъулият юклаётганини таъкидлади.

2017 йил 3 августда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган ижодкор зиёлилар ва 29 декабрда "Ўзбеккино" миллий агентлиги раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда кино санъати ривожи, муаммо, унинг ечимлари борасида сўз юритилган эди. Ўтган йилнинг 7 августида эса «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди. Белгиланган вазифалар ва қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида соҳада бир қатор ислоҳотлар ўтказилди.

Шулардан келиб чиқиб, "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошидаги Бадиий кенгаш томонидан эълон қилинган 2018 йилга мўлжалланган кинолойиҳалар танловида аввалгиларидан фарқли ўлароқ, тарихий мавзудаги кинолойиҳалар салмоқли ўрин эгаллади. Бадиий кенгаш томонидан тасдиқланган ва ишлаб чиқаришга туширилган 23 та бадиий фильмнинг 11 таси тарихий мавзудадир. "Имом Абу Исо Термизий", "Элпарвар", "Саид ва Саида", "Берлин – Оққўрғон" каби кинолойиҳалар ўзлигимизни янада яхшироқ англашга, тарихимизни ўрганишга, аждодларимизнинг ҳаёти билан яқиндан танишишга хизмат қилади.

Жорий йилда турли мавзу ва йўналишларда 64 та фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилиш арафасида. Шулардан 23 таси тўлиқ метражли, 4 таси қисқа метражли, 26 таси ҳужжатли ва 7 таси мультипликацион фильмлар ва "Зумраша" болалар ҳажвий киножурнали тўпламларидир.

"Исломхўжа" бадиий публицистик фильмининг тасвирга олиш ишлари якунланиб, катта экранлардаги намойишига тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур филмьнинг журналистлар учун тақдимоти ҳам ўтказилди.

"Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси" ДУК томонидан ҳозирда 26 номдаги тарихий, иқтисодий-ижтимоий, ҳарбий-ватанпарварлик, илмий-маданий жараёнларни ёритувчи, мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган, ҳаёт йўли ёшларга намуна бўладиган замондошларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар суратга олинмоқда. Уларнинг 7 номдагиси катта экранларда намойиш этилди. "Кино санъати" номли журналнинг илк сони тайёрланди.

Қирғизистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда «Сарвиқомат дилбарим», Ҳиндистоннинг йирик компанияларидан бири билан ҳамкорликда "Шоду хуррамлик" каби бадиий фильмларни суратга олиш ишлари бошлаб юборилган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
5 520